Зеро, тарафларнинг терговга қадар текширув ва дастлабки тергов босқичидаёқ тенг ҳуқуқий имкониятларга эга бўлиши – мазкур иш юзасидан адолатли суд ҳукмига эришишнинг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Жиноят процессида тортишув бу – турли (айблов ва ҳимоя) позициядаги тарафларнинг жиноят ишларини юритиш жараёнидаги ўзаро тўқнашуви бўлиб, улар қонун томонидан ўзларига берилган ваколат ва ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда ҳаракат қиладилар. Тортишув принципининг амалга оширилиши иш тўлиқ, холис ва беғараз кўриб чиқилишининг кафолати ҳисобланади. Бу ўз навбатида, ҳақиқатни аниқлашга ва иш бўйича адолатли қарор қабул қилишга имкон беради.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят процессуал кодекси 25-моддасига кўра, биринчи инстанция судининг суд мажлисида, шунингдек ишлар юқори судларда кўрилаётганда иш юритиш тарафларнинг ўзаро тортишуви асосида амалга оширилиши белгиланган. Ишни судга қадар юритишда эса айблов тарафи, яъни суриштирувчи, терговчи ва прокурор иш юзасидан ҳал этувчи аҳамиятга эга шахслар ҳисобланади ва бу жараёнда ҳимоячининг процессуал мақоми заифлиги ва иш тақдирини ҳал этишга бўлган процессуал ваколати ва имконияти йўқлиги кузатилади. Бироқ бугунги кунда суд-ҳуқуқ тизимидаги замонавий талаблар ва халқаро стандартлар ҳимоячининг айнан ишни судга қадар юритиш босқичидаёқ айблов тарафи билан тенг имкониятда ўз фаолиятини амалга оширишини талаб этмоқда.

Бунга қандай эришиш мумкин? Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ЖПКда далиллар тергов ва суд ҳаракатларини юритиш йўли билан тўпланиши белгиланган. Бироқ тергов ва суд ҳаракатларининг ҳеч бирини ҳимоячи мустақил равишда амалга ошира олмайди. Ҳимоячига далиллар тўплаш юзасидан берилган ҳуқуқлар эса ҳимоячининг ўз фаолиятини тўлақонли амалга оширишида етарлича имконият яратиб бера олмайди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳозирда мавжуд суд-тергов амалиётига мувофиқ, терговчи далил йиғиш мақсадида хоҳлаган шахсни ҳаттоки ўша шахс тергов ҳибсхонаси ёки жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган бўлса ҳам, гувоҳ сифатида сўроқ қилиш ҳуқуқига эга. Бироқ ҳимоячи ишга тааллуқли ахборотга эга бўлган шахсларни сўровдан ўтказиши ва ёзма тушунтиришлар олиши учун уларнинг розилиги талаб этилади.

Бундан ташқари, адвокатнинг самарали фаолият юритиши ва иш юзасидан етарлича далиллар тўплашидан терговчи ва прокурор кўп ҳолларда ўз касбий фаолияти нуқтайи назаридан келиб чиқиб манфаатдор бўлмайди. Масалан, экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарорда ҳимоячини қизиқтирган ва иш юзасидан ҳолатни янада аниқлаштиришга қаратилган саволларнинг акс эттирилиши суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг хоҳишига боғлиқ эканлиги ҳимоячи фаолиятини қийинлаштиришга олиб келади, айблов тарафига эса ушбу ҳолат устунлик беради. Натижада эса ҳимоячининг муваффаққиятли фаолият олиб боришида сунъий тўсиқлар юзага келади.