Сирдарёда пора билан ушланган судя ва банкда ишлаган мансабдорга ҳукм ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Иш тафсилоти
Суд ҳукмига кўра, 39 ёшли Э.С. Сирдарё вилояти суди иқтисодий ишлар бўйича судяси, 40 ёшли Д.Т. эса “Агробанк”нинг Гулистон филиали бошқарувчиси ўринбосари лавозимида ишлаган. Икки судланувчи аввалдан ўзаро таниш бўлган.
Ҳудуддаги МЧЖлардан бирининг раҳбари Гулистон туманлараро иқтисодий судининг автостанция биносини бузиш ҳақидаги ҳал қилув қароридан норози бўлиб, Сирдарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига кассация шикояти киритган. Д.Т. ушбу МЧЖ раҳбари билан таниш бўлган.
Шу тариқа, судя ва банк мансабдори тил бириктирган: Д.Т. МЧЖ раҳбарини пул бермагани учун суд муҳокамаси кейинга қолдирилаётганига ишонтирган. У 8 минг доллар эвазига ишни ижобий ҳал қилиб беришни айтган. Ўз навбатида судя суд муҳокамасини ноқонуний равишда 5 марта қолдирган. Шундан сўнг Д.Т. 2026 йил 6 апрел куни МЧЖ раҳбаридан 2 минг доллар олган.
Судя ўз ҳаракатини давом эттириб, пул маблағлари тўлиқ бўлмагани сабабли 2026 йил 9 апрел куни етарли асосларсиз суд муҳокамасига танаффус эълон қилган. 2026 йил 13 апрелда Д.Т МЧЖ раҳбаридан яна 5,5 минг доллар олган. Э.С. шу заҳоти Гулистон туманлараро иқтисодий судининг ноқонуний қурилишни буздириш ҳақидаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни МЧЖ раҳбари фойдасига ижобий ҳал қилиб берган. Қўлга киритилган 7, 5 минг доллар пулни эса ўзаро тақсимлаб олишган.
МЧЖ раҳбарининг аризаси асосида ўтказилган тезкор тадбирда пул маблағларининг 3 600 доллар Э.С.дан, 3 900 доллари Д.Т.дан ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.
“Миннатдорчилик тариқасида олдим”
Судя суд мажлисида ўз айбига қисман иқрорлик билдирган ҳамда пулни пора тариқасида эмас, моддий рағбатлантириш деб олганини айтган.
“Д.Т. менга МЧЖ раҳбари таниши эканини, биринчи инстанция судининг қарори ноқонуний бўлганини, таниши раҳбарлигидаги жамият томонидан бино ўзбошимчалик билан қурилмаганини айтди ва шу масалада қонуний ёрдам сўради. Шундан сўнг, кассация шикоятини иш юритувимга қабул қилиб, суд муҳокамасига тайинладим.
2026 йил 13 апрел куни Гулистон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвогар даъвосини рад қилиш тўғрисида янги қарор эълон қилдим. Лекин биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилишга кассация шикоятида кўрсатилган важлар асос бўлмади.















