Сурхондарёлик бир гуруҳ ногиронлар нажот излаб Тошкентга келишди. Уларга бир пайтлар давлатдан совға деб берилган хонадонлар аслида кредит бўлган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бу инсонлар кредитни қандай тўлайди?
Kun.uz бу масалани аввалроқ бир гуруҳ бошқа қумқўрғонликлар мисолида ёритган эди. Ўшанда, 2025 йил декабрида Unicon-Soft компанияси ҳомий сифатида 8 кишининг кредитини ёпиб берган эди.
Куни кеча мурожаат билан келган ватандошларга қулоқ тутамиз.
“Оилада уч ногиронмиз, кредитни қандай тўлаймиз?”

Зуҳра Эшмаматова: Биз Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидан келганмиз. Хўжайиним биринчи гуруҳ ногирони, унинг пенсиясини олиб қўйишяпти. Бунинг ортидан “давления” орттириб олган. Учта вояга етмаган фарзандимиз бор, бири ногирон. Оилада учта ногиронмиз. Боламнинг укол-дорисини қилайми, коммунал тўловларини тўлайми, қандай кун кўрамиз? Уйдан чиқариб юборса, учта ногирон қаерга сиғамиз? Ёрдам беришларини сўраймиз. Укол-доримиздан орттира олмаяпмиз.
Ойига 1,87 миллион сўм тўлов чиқиб келган. 14 миллион 800 минг мебелга ҳам чиқиб келган. Тўлолмаганимиз учун мебелимизни олиб кетиб қолди. Иккита гиламга ҳам мана, чиқиб ўтирибди, гиламга ҳам судга ошиб кетган. 4 миллион 800 мингни тўлайсан деб ўтирибди. Уйга тўлайликми, гиламга тўлайликми?
“Пластикдаги пулларни бир сўм қолдирмай ечиб оляпти”

Нурбек Раҳмонов: Биз Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидан келганмиз, Боғора маҳалласидан. Бизга ҳам шу 2018 йил совға деб уй берилди. Кейин “тўла” дейишди. Ўзим кўз бўйича биринчи группаман, аёлим иккинчи группада. Вояга етмаган иккита фарзандимиз бор. Пенсияларимизни ҳам кесиб кетяпти. Пластикдаги пулларни ҳам кесиб кетяпти, бир сўм қолдирмай.





















