Жамият | 14:48 / 08.07.2024
12752
4 дақиқада ўқилади

Хатирчида ёш қиз ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчилардан бири 1 йилда 12 марта радарга тушгани маълум бўлди

Навоий вилоятида 8 ёшли қизнинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчилардан бири 1 йил давомида 12 маротаба тезликни ошириш, 1 маротаба йўл чизиғини босиш қоидабузарлигини содир этгани аниқланди. Ҳайдовчилар ўша вазиятда пойга ўйнаб кетаётган бўлган. ЙТҲ содир бўлган пиёдалар ўтиш жойига эса 2024 йил 1-чорак якунига қадар ўрнатилиши керак бўлган тугмали светофор маблағ ажратилмаганлиги сабабли ўрнатилмай қолган. 

Фото: Видеодан кадр

Хатирчи туманида вояга етмаган бола иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасининг тафсилотлари очиқланди.

Маълум қилинишича, фуқаро Н.А. BYD машинасини Хатирчи тумани ҳудудидан ўтувчи 4Р-48 автомобил йўлида “Зарафшон-Янгирабод” йўналиши бўйлаб бошқариб бораётиб, ўзи билан бир йўналишда BYD машинасини бошқариб бораётган фуқаро Ф.А. билан бир-биридан қувиб ўтишга ҳаракат қилиб, ўзаро қувишган. Оқибатда йўлнинг Хатирчи туман тиббиёт техникуми ёнидан ўтган қисмида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган 2016 йилда туғилган Ш.Ш.ни дастлаб Н.А. машинасида туртиб ўтган. Сўнгра Ф.А. ўз машинасида қизалоқни уриб-босиб ўтиб кетган. 

Бунинг оқибатида вояга етмаган Ш.Ш. олган тан жароҳатлари сабабли ҳодиса жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Н.А. ва Ф.А.га Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳайдовчи Н.А. сўнгги бир йил давомида 12 маротаба тезликни ошириш, 1 маротаба йўл чизиғи талабларига риоя қилмаслик қоидабузарликларини содир этгани аниқланган. Ҳайдовчи Ф.А. эса сўнгги бир йил давомида бир маротаба транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга топшириш қоидабузарлигини содир этган.

Вояга етмаган Ш.Ш. тумандаги 14-сонли мактабнинг 2-синф ўқувчиси бўлган. Уни онаси М.Ш. бир кун олдин бобосиникига олиб келиб, ўзи Тошкент шаҳрига ишлаш учун кетган. Бобо ҳамда буви 2010 йилда туғилган ўғли Н.Т. ҳамроҳлигида қизалоқни истироҳат боғига сайрга бориб келишига рухсат берган.

 Қайд этилишича, Хатирчи тумани Янгирабод маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-48 йўли давлат аҳамиятига эга йўл бўлиб, ушбу йўлнинг 127-километрида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида тегишли йўл белгилари ўрнатилган ва йўл ётиқ чизиқлари чизилган бўлган.

Ушбу йўл Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси 239-йўл бўлимига тегишли ва Автойўл томонидан хизмат кўрсатилади.

Мазкур пиёдалар ўтиш жойида Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан тугмали светофор қурилмасини ўрнатиш дастурга 2024 йил 1-чорак якунига қадар  киритилган бўлиб, маблағ ажратилмаганлиги сабабли ҳозирги кунга қадар ўрнатилмаган. Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси директори номига Навоий вилояти ЙҲХБ томонидан жорий йилда 2 маротаба тугмали светофор ўрнатиш юзасидан  тақдимномалар киритилган. Тақдимнома талаблари бажарилмаганлиги учун корхонаси раҳбарига маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ЙТҲ 1 июл куни содир бўлган. Воқеа видеосидан кўринишича, қизалоқни босиб ўтган BYD машинаси ҳайдовчиси фожиадан бир неча сония олдин тезликни 142 км/соатгача оширган, лекин бу тезлик билан ҳам ўзидан бироз олдинда кетаётган кроссовердан ўзиб кетолмаган. Бундан англашиладики, ҳар иккала ҳайдовчи тезликни 142 км/соатдан оширган.

Мавзуга оид