Тошкент шаҳри Миробод туманида мотоцикл ҳайдовчиси олдинда ҳаракатланаётган юк автомобилига урилиб, бошқарувни йўқотган, сўнг қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган Kia автомобили билан тўқнашган. Ҳодиса оқибатида мотоцикл ҳайдовчиси вафот этган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ хабар берди.
Ҳодиса 25 сентябр куни соат 22:45 да Миробод туманидаги КҲАЙ кўчасидаги 83-мактаб қаршисида содир бўлган.
21 ёшли ҳайдовчи моторанспорт воситасини бошқариб кетаётиб, оралиқ масофани сақлай олмаган ва ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланаётган 32 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги GAZ 5312 русумли транспорт воситаси билан тўқнашган. Тўқнашувдан сўнг мотоцикл ҳайдовчиси бошқарувни йўқотган ва қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган 25 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Kia K5 билан тўқнашган.
Ҳодиса оқибатида мотоцикл ҳайдовчисига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Бироқ у касалхонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Иш Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) тегишли қисмлари асосида қўзғатилган.

















