Ўзбекистон | 07:30 / 24.08.2024
4128
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Озарбойжон Европага “яшил” энергия экспорт қилиш бўйича лойиҳани тезлаштиради 

Ўзбекистон ва Озарбойжон "яшил" энергия ишлаб чиқариш ва уни Озарбойжон орқали Европа мамлакатларига экспорт қилиш бўйича кенг кўламли минтақавий лойиҳани амалга оширишни тезлаштиришга келишиб олди. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, президент Шавкат Мирзиёев Озарбойжон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи асосий натижаларидан бири сифатида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани алоҳида қайд этди. Бу, Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, давлатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашда янги саҳифа очилганини англатади ва томонларнинг кўп қиррали шерикликни ҳар тарафлама ривожлантиришга қатъий содиқлигини тасдиқлайди.

Давлат раҳбари қардош мамлакатда иқтисодиёт, саноат жадал ривожланиб, аҳоли турмуш даражаси яхшиланаётганини таъкидлади. Илҳом Алиевни Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлиги тиклангани ва азалий озарбойжон ерлари қайтарилгани билан яна бир бор муборакбод этди.

Ижтимоий инфратузилма ва ишлаб чиқариш объектлари фаол қурилаётган Қорабоғ қайта тикланаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Озарбойжонни бу олижаноб ишда бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр.

Барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётган савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Шу муносабат билан келгуси йилни Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий кооперация йили деб эълон қилиш ҳамда 20 та асосий йўналиш бўйича дастур қабул қилишга аҳдлашилди.

Учинчи мамлакатлардаги истиқболли лойиҳаларда биргаликда иштирок этиш бўйича ишланмалар мавжудлиги айтилди. Шу маънода, бундай лойиҳаларни илгари суриш мақсадида ташкил этилган қўшма инвестиция компанияси муваффақиятли фаолият юритаётгани таъкидланди.

Транспорт боғлиқлигини, шу жумладан Транскаспий йўлагини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Етакчилар "яшил" энергия ишлаб чиқариш ва уни Озарбайжон орқали Европа мамлакатларига экспорт қилиш бўйича кенг кўламли минтақавий лойиҳани амалга оширишни тезлаштиришга келишиб олдилар.

Ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш мақсадида бу бўйича "йўл харитаси" қабул қилинади, шунингдек, Қўқон шаҳрида навбатдаги ҳудудлар форуми ўтказилади.

Мавзуга оид