Ўзбекистон | 10:46 / 25.10.2025
3211
2 дақиқада ўқилади

АҚШ махсус вакили Ўзбекистонга келади

Кун тартибидан муҳим минераллар ва энергетика соҳасидаги савдо-сотиқ, инвестициялар ва С5+1 форматидаги ҳамкорлик масалалари ўрин олган.

Фото: Президент матбуот хизмати

АҚШнинг Марказий ва Жанубий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ҳамда давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюради.

Давлат департаментининг маълум қилишича, делегация ҳар икки мамлакатда ҳукумат вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, қатор устувор йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини кўриб чиқади. Кун тартибига иқтисодий алоқалар, минтақавий хавсизлик ва ўзаро манфаатли шериклик масалалари киритилган.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига кўра, ташрифда муҳим минераллар ва энергетика соҳасидаги савдо-сотиқ ҳамда сармоялар, шунингдек, С5+1 форматидаги минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.

“Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистонни истиқболли имкониятлар кутмоқда!” – дея қайд этган элчихона.

Ҳар икки манбада ҳам сафар санасига аниқлик киритилмаган.

Аввалроқ икки конгрессмен Трампга хат йўллаб, Марказий Осиё давлатлари иштирокида саммит ўтказишга чақирган эди. Конгресс аъзолари Сидни Камлагер-Дав ва Билл Ҳюизенганинг фикрича, C5+1 форматидаги саммит АҚШга Марказий Осиё билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва минтақадаги ўз стратегик манфаатларини (хавфсизлик, иқтисодиёт, “юмшоқ куч” ва бошқарув соҳаларида) илгари суриш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сентябр ойида БМТ Бош ассамблеяси сессиясида қатнашиш учун Ню Йоркда бўлган ва президент Доналд Трамп билан учрашган эди. Ушбу ташриф давомида элчи Сержио Гор (у Тошкентда туғилган) Ўзбекистон етакчисининг қабулида бўлган, уларнинг ҳузурида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланган эди.

Ундан олдин, жорий йил апрел ойида Ўзбекистон ва АҚШ компаниялари фойдали қазилмалар бўйича келишувларга эришганди.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид