17 октябр куни дзюдо бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси, Олимпиада ва Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, Жаҳон чемпионати совриндори Диёра Келдиёрова (-52 кг) Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри мезбонлик қилган халқаро турнирда олтин медални қўлга киритди.

Икки ярим йиллик танаффусдан сўнг татамига қайтган Келдиёрова турнир давомида барча рақибларини, жумладан, финалда озарбойжонлик Фарида Мирзаевани ҳам иппон баҳоси билан мағлуб этди.

Бу турнирдаги ғолиблик Келдиёровага жаҳон рейтинги учун 100 очко тақдим этди.

Спортчи финал баҳсидан кейинги интервюсида ҳозирча аввалги спорт формасига тўлиқ қайтмагани, лекин ўзини яхши ҳис қилаётганини айтган.

«У ерда бошқача эдим, ҳозирги ўзимни ўша пайтдаги Диёра билан солиштира олмайман. Ҳозир бошқача, янги Диёраман – онаман. Икки йил давомида дзюдодан узоқлашмадим, мусобақа муҳитидан сал йироқда бўлдим. Аммо ўзимни яхши ҳис қиляпман. Мен ўз дзюдомдан завқ олишни хоҳлайман. Дзюдони яхши кўраман, дзюдо билан яшайман ва бундан қанчалик завқ олаётганим мен учун муҳим», – дейди у.

Диёра Келдиёрова 2024 йил ёзида Париж Олимпиадасида -52 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритганди. У шундан кейин фарзандли бўлган ва ўтган икки ярим йилга яқин вақт ичида бир қатор йирик турнирларни, жумладан, 2026 йилги Осиё ўйинларини ўтказиб юборганди.

Энди у шу ой охирида Абу-Дабида бўлиб ўтадиган нуфузли халқаро турнирда иштирок этади.