Францияда яна оммавий намойишлар бўлиб ўтмоқда – ёшлар яшаш нархи ошишига қарши ҳамда мактабларда ўқиш шароитларини яхшилаш ва олий ўқув юртларига киришнинг ҳозирги тизимини бекор қилиш учун кўчаларга чиққан. Бу каби кўламдаги йирик намойишлар 6 октябр куни ҳам бўлиб ўтганди, ўшанда бутун мамлакат бўйлаб норозилик акцияларида, турли баҳоларга кўра, 250 мингдан 450 минггача киши иштирок этганди. Бу сафарги акцияларда эса 500 мингдан 800 минггача аҳоли кўчаларга чиққани айтилмоқда. Намойишларда мактаб ўқувчилари, талабалар, «сариқ нимчалилар» ҳаракати аъзолари, касаба уюшмалари фаоллари, экофаоллар, фермерлар ва бошқалар кўчаларга чиққан.
Норозилик акциялари кенг кўламли тартибсизликлар ва талончиликлар билан бирга кечган. Полиция билан тўқнашувлар юзага келмоқда, намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирув газ ва сув пуркагичлар қўлланмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб мингдан ортиқ киши қўлга олинган.
Парижда ва бошқа йирик шаҳарларда йўллардаги автомобиллар ҳамда дўконлар жабрланган. Марселда намойишчилар шаҳар мэриясига бостириб кирган, Лионда шаҳар туризм идораси биносига ўт қўйилган.
Шунингдек, Лимож шаҳридаги ратуша биносига ўт қўйилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда минора ва томнинг катта қисми қулаб тушгани, бино фасадининг учдан икки қисми вайрон бўлганини кўриш мумкин. Маҳаллий расмийлар буни «маданий мерос учун фалокат» деб атади. Ёнғин оқибатида жабрланганлар йўқ.
🔴 La magnifique mairie de Limoges 😱 #17octobre https://t.co/aV44OfMgmH
— Chris (@APchris06) October 17, 2026
Лимождаги шаҳар ратушаси 1883 йилда қурилган бўлиб, бино Франциянинг тарихий ёдгорликлари рўйхатига киритилганди.
Қуйида 17 октябр кунги намойишлар вақтида мамлакатнинг турли чеккаларида олинган суратлар:



































