Айнан шу боис, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни ниҳоясига етказилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳаси миллий капитал бозорини ривожлантиришнинг ҳуқуқий пойдеворини тубдан янгилашга қаратилган. Унда капитал бозорида молиявий инструментлар турини сезиларли даражада кенгайтириш, инвестициявий фаолликни рағбатлантириш ҳамда бозор иштирокчилари учун янада қулай ва жозибадор шароитлар яратиш кўзда тутилган.
Хусусан, замонавий молиявий инструментларни амалиётга жорий этиш, инвесторларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, капитал бозори инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда профессионал иштирокчилар фаолиятини тартибга солиш бўйича аниқ ва мустаҳкам ҳуқуқий нормалар белгиланмоқда.
Шу билан бирга, миллий капитал бозорини халқаро амалиёт ва илғор стандартларга уйғунлаштириш, унинг шаффофлиги ва фаолият самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қонун лойиҳаси тартибга солиш доираси жиҳатидан ҳам жуда кенг қамровли ҳисобланади. Лойиҳа капитал бозоридаги муносабатларни замонавий талаблар асосида тартибга солиш, инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва бозор инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган нормаларни қамраб олган бўлиб, амалдаги қонунчиликка мослигини таъминлаш ва мавжуд қонунчилик баъзи нормаларини такомиллаштиришни талаб этади.
Жасурбек ШОДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси аъзоси:
— Қонун лойиҳаси муҳокамаларида депутатлар, мутасадди идоралар вазирлик ва идоралари, мутахассис-экспертлар, тадбиркорлар ва бевосита капитал бозори иштирокчиларининг таклифлари асосида унинг нормалари янада такомиллаштирилмоқда. Шунингдек, уларни амалиётда қўллаш билан боғлиқ иқтисодий ва ҳуқуқий оқибатлар атрофлича таҳлил қилинмоқда.
Шу сабабли лойиҳадаги ҳар бир норманинг мазмун-моҳияти, ҳуқуқий аҳамияти ва амалдаги қонунчилик билан ҳамоҳанглик даражаси бирма-бир кўриб чиқилмоқда. Хусусан, янги молиявий инструментларнинг ҳуқуқий атамаларидан тортиб, капитал бозори иштирокчиларининг ваколат ва мажбуриятлари, маҳаллий ва чет эллик инвесторлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича ривожланган мамлакатларнинг бой тажрибаси атрофлича ўрганилмоқда.














