Бахтиёр Расулов: Аввало шуни айтиш керакки, бу мавзуда гапириш, кенг жамоатчилик ва масъул идораларга бугун кечаётган жараён ҳақида маълумот етказиш керак. Сиз саволни тўғри қўйдингиз, чунки кейинги вақтларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида қўлланаётган кимёвий воситалар жуда кўпайиб кетди.
Қишлоқ хўжалигида кенг қўлланаётган воситаларни шартли равишда икки турга бўлсак бўлади: кимёвий ва биологик воситалар. Кимёвий воситалар — таъсир этувчи моддаси кимёвий табиатга эга бўлган препаратлар. Булар фунгицидлар, инсектицидлар, гербицидларни ўз ичига олади. Биологик воситалар эса таъсир этувчи моддаси тирик ҳужайрага асосланган воситалар. Булар кўпроқ биологик ўғитлар, биопрепаратлар, биофунгицидлар каби препаратларни ўз ичига олади. Ҳар икки тур учун алоҳида талаблар мавжуд.
Аввало, четдан олиб келинаётган кимёвий воситанинг асосий таъсир этувчи моддаси аниқланиши керак. Масалан, препарат таркибида А модда бор дейилган бўлса, Ўзбекистондаги масъул лаборатория буни текшириб, тасдиқлаганидан сўнг кейинги синовларга рухсат берилади. Аксарият ҳолларда таркиб ҳақидаги маълумотни ишлаб чиқарувчи фирма ёки компаниянинг ўзи тўлдириб беради. Биз ишонч ҳосил қилиш учун уни лабораторияда тегишли асбоб-ускуналарда текшириб олишимиз керак. Бунинг қийин жойи йўқ. Илмий-тадқиқот институтларида кимёвий, хусусан, органик моддаларни аниқлашнинг барча усуллари ўзлаштирилган. Аммо моддаларни рўйхатга олувчи идораларимизда бу ишлар қилинадими, йўқми — менга қоронғи.
Шокир Шарипов: Ҳар қандай препарат киритилаётганда уни текширишимиз кераклиги қоидага киритилганми?
Мавзуга оид
Бахтиёр Расулов:
Бор. Биринчи илованинг учинчи бандида препаратнинг савдо номи, маълум синонимлари, тўртинчи бандида ISO бўйича таъсир этувчи модда номи ёзилган. Иккинчи иловада физик-кимёвий хусусиятлар дейилган. Таъсир этувчи модданинг ISO, IUPAC, CAS RN бўйича номи, структуравий формуласи, эмпирик формуласи, молекуляр оғирлиги, агрегат ҳолати, ранги, ҳиди ва қатор хусусиятлари белгиланган.
Шокир Шарипов: Биз ўрганишимиз керак бўлган хусусиятларни айтяпсиз-а?
Бахтиёр Расулов: Йўқ, бу ҳужжатни одатда ишлаб чиқарувчи компаниянинг ўзи тўлдириб беради. Лекин менинг қатъий фикрим шуки, фирма ҳақиқатан шу моддани тақдим этяптими ёки йўқми — бу Ўзбекистон томонидан танқидий кўриб чиқилиши керак.
Шокир Шарипов: Сизнингча, шу нарса қилинмаяпти.
Бахтиёр Расулов: Менимча, бу нарса қилинмаса керак. Агар қилинса, рўйхатга олувчи идоралар бу ҳақда маълумот тақдим этишлари мумкин.
Шокир Шарипов: Очиқ бўлиши керак. Мен ҳам кўра олишим керак.
Бахтиёр Расулов: Шундай. Ёки менинг фикримга раддия сифатида: «Мана бу препарат таркибидаги таъсир этувчи модданинг кимёвий, физик-кимёвий хусусиятларини фалон лабораторияда аниқлаб, мана бу хусусиятларини топганмиз. Кимёвий формуласи бу, умумий модда таркибидаги масса улуши шунча, қуйидаги қўшимча моддалар учрайди», деб маълумот беришлари мумкин.
Мен Ўзбекистон вакилиман, давлат манфаатини ҳимоя қилувчи инсон сифатида нима қилишим мумкин эди, деган саволга жавоб беряпман. Демак, шу нарсани текшириб олишимиз керак. Четдан кираётган препарат таркибида шу модда борлигига ишонч ҳосил қилсак, кейинги синовларга рухсат берамиз.
Учинчи иловада токсикологик-гигиеник тавсифи келтирилган. Буни таржима қилиб айтяпман, одатда рус тилида бўлади. Унда қатор талаблар берилган. Биринчиси — ўткир перорал токсиклик. Сичқон, каламушда текширилиши кераклиги айтилган: LD50, ўткир таъсир чегараси. Иккинчиси — ўткир тери токсиклиги. Учинчиси — ўткир ингаляцион токсиклик. Тўртинчиси — токсик таъсир механизми. Шу тарзда давом этади. Яъни биологик объектга таъсири тажриба ҳайвонларида ўрганилади.
Шокир Шарипов: Қандай ҳолатларни кузатиб, шу хулосага келяпсиз?
Бахтиёр Расулов: Ҳозир расмий савдога рухсат берилган кўплаб препаратларнинг таъсир этувчи моддалари Европа Иттифоқи ва Америка томонидан тақиқланган.
Бахтиёр Расулов: Шундай. Бундан ташқари, препаратларнинг тупроқда, сувда, озиқ-овқат ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида сақланиш муддати, парчаланиш оралиқ маҳсулотлари ўрганилиши керак. Буларни тўлиқ тавсифламасдан туриб, препаратларни рўйхатга олиш қийин. Мен олим сифатида шундай фикрдаман: агар шу талаблар бажарилса, Ўзбекистонда рўйхатга олинган препаратларнинг ўндан бири қолиши мумкин...
Масалан, бу йил 1 грамм заҳар ишлатсак, кейинги йил у таъсир қилмайди. Энди 2 граммга чиқарамиз. Шу тарзда бу воситаларнинг қўлланиш меъёрлари, концентрациялари геометрик прогрессия каби ошиб борди ва янги муаммоларни келтириб чиқарди. Шу заҳарлар ортидан касаллик қўзғатувчи вируслар, бактериялар, патоген замбуруғларнинг чидамли шакллари, авлодларини ўз қўлимиз билан яратиб олдикми? Ҳа! Энди уларни йўқ қилиш учун заҳар миқдорини оширяпмизми, янги, кучли заҳарларга эҳтиёж туғиляптими? Ҳа!
Бу, биринчи навбатда, одамларнинг ўзига таъсир қиляпти. Нима учун болаларда онкологик касалликлар ривожланиб кетди? Айрим таъсир этувчи моддаларнинг тақиқланишига ҳам онкологик касалликларни келтириб чиқариш эҳтимоли борлиги сабаб бўлган. Биз заҳар қўлламасак, ҳосил ололмаймиз, деган тушунчага келдик ва шу фикрда қаттиқ турибмиз.
Бахтиёр Расулов: Ёзда Давлат хавфсизлик хизмати бу соҳага масъул бўлган Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан коррупцияга йўл қўйилгани, зарар кўлами 90 миллиарддан ортиқ бўлгани ҳақида расмий маълумот эълон қилди. Демак, бу ерда сиз билан бизни шубҳага солган ишлар бўлиши мумкинми ёки йўқми? Нима учун аниқ айтолмайман? Чунки бизда фактлар йўқ.
Шокир Шарипов: Журналистиканинг қийин тарафи — факт талаб қилишади. Лекин биз кузатиб турган ҳолатлар бор. Сиз масалан, факт келтиряпсиз. Шундан келиб чиқиб, жуда катта хулосаларни чиқарса бўлади. Миллат хавфсизлиги ҳақида гап кетаётганда, «фактим йўқ» деб жим тура олмаймиз-да.
Бахтиёр Расулов: Шундай. Биз буни қаердан биламиз? Ҳар йили Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида қўллашга рухсат этилган кимёвий воситаларнинг рўйхати — реестри эълон қилинади, китоб ҳолида нашр этилади. Қайси препаратлар рўйхатдан ўтказилганини ўша ердан билиб оламиз. Айрим ишлаб чиқарувчилар ва сотувчиларнинг расмий веб-сайтларида ҳам маҳсулотлари эълон қилинади.
Муаммони яширишимиз керак эмас. Бу ишга масъул бўлганлар ҳам, жамоатчилик ҳам шунинг ичида яшаяпти, яшашга маҳкум. Масъуллар ҳам ўйлаб қўйиши керакки, улар заҳар сепилган даладаги буғдойнинг нонини ейди. Биз чет элдан нон олиб келиб емаймиз, тўғрими? Ёки беда ўрими арафасида унга оммавий равишда ҳашарот тушади. Заҳар ишлатилмаса, беданинг барги қолмайди. У бедани мол ейдими? Молнинг сути, гўшти, ёғи бўладими? Масъул ходим ҳам четдан сут олиб келтириб ичмайди-ку. Унинг боласи, оиласи, қариндош-уруғи, ота-онаси ҳам ҳимоя қилинмаган-ку.
Биз биргаликда курашишимиз керак. Бу фақат сизнинг ёки менинг муаммом эмас. Фойдани чет эллик компаниялар, бу заҳарларни киритаётганлар кўради. Бизга халқ, миллат, давлат сифатида бир тийинлик фойдаси йўқ. Кескинроқ айтишга мажбурман: майли, 5–10 фоиз камроқ ҳосил олайлик, лекин касал бўлмаймиз, соғлом яшаймиз.
Мен далаларни айланаман, вилоятларга бораман, кўп эшитганман, кўрганман, гувоҳ бўлганман. Бу ишга бош қўшган, шунинг ичида юрган одамларнинг кўпи ўлиб кетди. Кўпи касал, онкологик касалликка чалинган. Фарзандлари азоб тортяпти. Бу масалани яширадиган, хаспўшлайдиган даврдан ўтдик. Энди айтишимиз, кўрсатишимиз керак. Чунки муаммо кўриниб турибди.
Иккинчи масала: икки-уч йилдан бери Ўзбекистонда асаларилар оммавий қириляпти, ҳовуч-ҳовуч бўлиб. Ўн-ўн беш йил олдин битта-иккита санарди. Кейинги йилларда эса ҳовуч-ҳовуч қилиб кўрсатиляпти.
Шокир Шарипов: Яна бир мавзу. Хитойнинг пахта етиштириш технологиясини олиб кирдик, ишлатяпмиз. Шу технологияни кимдир охиригача ўргандими? Нимани олиб киряпмиз? Тўғри, фермерлар яхши ҳосил оляпти. Лекин менинг тушунишимча, ҳеч бир нарса ҳаводан пайдо бўлмайди. Ҳосил ҳам қаердандир юзага келади. Шу технологиянинг қисқа ва узоқ муддатли таъсирини кимдир ўргандими? Текширувдан ўтказиб қўллаяпмизми ёки кўр-кўрона қўллаяпмизми?
Бахтиёр Расулов: Менимча, текширувдан ўтмади шекилли, синовлар ҳали давом этяпти. Текширувдан ўтди деган гапни эшитмадим. Ҳосилдорлигидан бошқа яхши, фойдали хусусияти ҳақида ҳам эшитмадим.
Шокир Шарипов: Яъни текшириб Ўзбекистонга киритиши керак бўлган масъул ташкилотлар ҳозир чеккада турибди, деса бўладими?
Бахтиёр Расулов: Балки шунақадир. Лекин ўзимизнинг яхши анъанавий навларимиз бўлган. Масалан, «АН-Боёвут» навлари Ўзбекистоннинг шўрланган тупроқли ҳудудларида, Жиззахда, Сирдарёда экилиб, яхши ҳосил олинган. «Султон» навлари бўлган. Бизнинг институтимизда ҳам қанча навлар, масалан, «Келажак» навлари яратилган. Лекин нимагадир оммалашмади. Хоҳлаймизми, йўқми, барибир миллий генофондга қайтамиз, деган ишончим бор.
Шокир Шарипов: Балки масала фақат навларда эмасдир, нав атрофида бутун бошли технология керак. Демак, хитойликлар фақат навини сотаётгани йўқ, бутун технологиясини тарқатяпти.
Бахтиёр Расулов: Ҳа.Бизнинг пахта навларимиз ҳосилдорлигининг тушиб кетиши уларнинг эскиришидан эмас, тупроқ-иқлим шароитининг ўзгариши билан боғлиқ. Буни расмийларимиз, юқоридаги идоралар тан оладими, эътиборга оладими, йўқми — билмайман.
Оддий мисол: илгари ғўза парвариши ўртача тўрт-беш-олти марта суғоришга асосланган эди. Шунча марта суғорсангиз, ғўза шунча марта озиқланган ҳисобланади. Сабаби, ўғит сувда эригач, ўсимлик уни ўзлаштирган. Ҳозир сув билан боғлиқ муаммолар бор. Илгаригидек тўрт-беш-олти марта суғора олмаяпмиз, ўртача бир-икки марта суғоряпмиз. Демак, озиқлантириш ҳам шунча марта қисқарди. Озиқлантиришнинг муқобил вариантлари, масалан, баргдан озиқлантириш усуллари бор.
Ўзбекистондаги аксарият илмий ташкилотлар, муассасалар, университетлар қайси соҳада фаолият олиб бормасин, асосий ишланмалари қишлоқ хўжалигига қаратилган. Селекция, генетика, уруғчиликда бу ўз-ўзидан равшан. Микробиология институтининг аксарият ишланмалари ҳам қишлоқ хўжалиги учун: касалликларга қарши курашувчи, ўсимликларнинг ўсиши, ривожланишини қўллаб-қувватловчи, касалликка чалинишининг олдини олувчи, ҳосилдорлигини оширувчи ва тупроқларни соғломлаштирувчи биологик препаратлар. Ўсимлик моддалари кимёси институтида ҳам қишлоқ хўжалиги учун фойдали кўплаб кимёвий моддалар аниқланган. Биоорганик кимё институтидаги ишланмалар ҳам бор. Ҳатто нанотехнология бўйича кўплаб ишланмалар ҳам қишлоқ хўжалигига йўналтирилган. Бизнинг аксарият ўй-хаёлларимиз, ишланмаларимиз қишлоқ хўжалигига қаратилган. Наҳотки давлатнинг шунча маблағи сарфланган ишланмалардан фойдаланмасдан, чет эл технологияларидан фойдаланишимиз керак?
Бизнинг ишланмамиз оддий, содда, арзон. У Ўзбекистоннинг бугунги тупроқ-иқлим шароити ва воқелигидан келиб чиққан. Бизда асосий муаммо шўрланиш эмас, тупроқларнинг қаттиқлиги, унда эримайдиган карбонатлар миқдорининг кўплиги ва бунинг чигит унувчанлигига таъсири. Биз чигитнинг унишига ёрдам бериш, чинбарг чиқарганда биринчи озиқлантириш, 7–10 кундан кейин иккинчи, биринчи суғоришдан олдин учинчи озиқлантиришни кўзда тутувчи технология ишлаб чиқдик. Шу асосда юқори ҳосилдорлик технологиялари яратилган. Бундай технологиялар Ўзбекистон институтлари томонидан кўп таклиф қилинган, лекин оммалаштирилмаяпти.
Шокир Шарипов: Келинг, бевосита таклифларга ўтайлик. Кўп ресурсларимизни тилга олдик. Олим ва амалиётчи сифатида нима дейсиз: уларни умумлаштирадиган бир марказ керакдир? Масалан, пахта етиштиришнинг миллий технологиясини яратиш учун.
Бахтиёр Расулов: Йўқ, бизда пахтачилик кенгаши ҳам бор-да.
Шокир Шарипов: Ишламайди.
Бахтиёр Расулов: Йўқ, ишлайди.
Шокир Шарипов: Нега унда бизда сиз айтаётган нарсалар йўқ?
Бахтиёр Расулов: Балки кенгашнинг фикри…
Шокир Шарипов: Нима деб ўйлайсиз? Менга шахсий, субъектив фикрингиз керак. Сиз бироз киноя билан айтяпсиз, «ишламаяпти» дейишга мажбурсиз. Балки жамоат ташаббуси, нодавлат нотижорат ташкилоти, жонкуярлар йиғини сифатида мен, сиз ва бошқалар йиғилиб, қандайдир ўзгаришлар қилишимиз керакдир?
Бахтиёр Расулов: Қилса бўлармикин, дейман-да. Тўғриси, фуқаро сифатида кўп ташаббуслардан чарчаганман. Бу жараёнга таъсир эта олмаслигимни биламан ва таклифларим инобатга олинмаслигига ишончим кўпроқ.
Мақтаниш бўлса ҳам айтишим керак: олимлар бир неча қадам олдинда. Ҳозир Ўзбекистонда пахта, буғдой ёки бошқа экинлар етиштириляпти, биз эса бундан олдинга ўтиб кетганмиз. Қишлоқ хўжалигида нанотехнологияларни қўллаш ҳақида бош қотиряпмиз, ақлли қишлоқ хўжалиги ва ақлли ўғитлар устида ишлаяпмиз. Шунинг учун биз билан мулоқот керак. Хитойни иқтисодий жиҳатдан юксалтирган энг муҳим нарса — илм-фан ютуқларини амалиётга интеграция қилиш, тижоратлаштириш. Уларда бу алоқа узилмаган.
Шокир Шарипов: Бизда узилган.
Бахтиёр Расулов: Ҳа, бизда шу нарса муаммо.
Шокир Шарипов: Ечимлар, таклифларингиз борми? Нима қилиш керак? Марказ керак эмас экан, жамоат ташкилотига ҳам умид билдирмаяпсиз. Хитойнинг ёндашуви бизнинг ёндашувимиздан нимаси билан фарқ қилади?
Бахтиёр Расулов: У ерда олимнинг фикри инобатга олинади. Бизда давлат томонидан илм-фанни молиялаш бўйича ҳозир муаммо қолгани йўқ. Деярли ҳар ойда, икки ойда бир ёки ҳар чоракда янги танловлар эълон қилинади. Эртага Беларус билан қўшма лойиҳалар танлови якунланади, муддати 10 кунга чўзиб берилди. Ундан кейин Туркия билан танлов бор. Ўзимизнинг амалий ва фундаментал лойиҳалар танловлари ҳам бор. Давлат жуда катта ресурс сарфлаяпти. Фанлар академиясида катта ислоҳотлар бўляпти. Мен Фанлар академияси ёки Инновацион ривожланиш агентлигини танқид қилмоқчи эмасман. Улар ўз ишини қиляпти, функциясини бажаряпти. Фанлар академиясидаги институтлар, илмий-тадқиқот муассасалари керагидан ортиқ иш қилиб берди деб ўйлайман.
Бугун Scopus базасидаги Хирш индексларини кўрдим. Илгари, 10–15 йил олдин Ўзбекистонда 3, 4, 5 Хирш индексига эга бўлиш алоҳида воқелик ҳисобланарди. Саноқли олимларимизнинг Хирш индекси юқори эди. Ҳозир 9–10 ўртача кўрсаткич бўлиб қолди. Ўзимникини кўрдим, мендан олдин қанча олим бор. Энг асосийси — ёш олимлар. Ўзбекистонда олимларнинг ёши ёшариб, савияси ортиб боряпти. Сифат, миқдор, таркиб ижобий томонга ўзгаряпти.
Шунча олим кимга ишлаяпти? Бу ерда фақат қишлоқ хўжалиги эмас, иқтисоднинг бошқа соҳалари ҳам бор. Ҳаммаси билан мулоқот ўрнатилиши керак. Фанлар академиясида ҳар бир институтнинг ишланмалари, эълон қилган мақолалари, китоблари ҳақида маълумотлар йиғилади. Қизиққан ташкилотлар сўраса, рўйхатини беришади. Миллий маҳсулот, миллий бренд сифатида таклиф қилинган қанча нарсалар бор.
Хитойнинг иқтисодий мўъжизаси асосида қишлоқ хўжалиги ислоҳоти ётади деб эшитганман, ўқиганман. Туртки айнан шу ислоҳот бўлган. Қишлоқ хўжалиги — муҳим, стратегик соҳа, хавфсизлик нуқтайи назаридан ҳам. Чунки қишлоқ хўжалигини ҳимоя қилсангиз, иқтисод ҳимояланади. Иқтисод ҳимояланса, жамият ва давлат ҳимояланади.
Шокир Шарипов: Менга қизиқ: Хитой мулозимининг миясида нима борки, у сиз айтгандек ҳаракат қиляпти? Бизнинг мулозимимизнинг мияси қандай ишлаяпти?
Бахтиёр Расулов: Мен Northwest университетига борганимда, сафарнинг иккинчи куни ишлаб чиқариш компаниялари билан учрашув бўлди. Илмий ишларни маҳсулотга айлантиришга қизиққан компаниялар билан юзма-юз мулоқот бўлди. Ўзбекистонда бундай мулоқотлар бўлганини эслолмайман. Хитойда эса бундай суҳбатларга кўп гувоҳ бўлганман. 2012 йилдан 2018 йилгача қисқа танаффуслар билан у ерда — физика ва кимё институтида, экология ва география институтида ишлаганман. Уларда қишлоқ хўжалиги ёки иқтисоддаги муаммоларни ҳисобга олган ҳолда илмий ишлар олиб борилади ва тез тижоратлаштирилади.
Мен уларни оппоқ қилиб кўрсатмоқчи эмасман. Уларда ҳам биздаги муаммоларнинг юз марта, балки минг марта оғир шакллари бор. Асаларилар муаммоси, экологик муаммолар уларда ҳам бор. Лекин ўзгаришлар тез, жараёндан қолиб кетишмайди. Чунки улар ҳам билади: икки-уч-тўрт-беш йилдан кейин технология, маҳсулот эскиради. Янги нарсаларга эҳтиёж туғилганда, илмий тадқиқот тез жавоб беради. Чунки фан камида беш-ўн йил олдинда юради. Олимларнинг тафаккури тезроқ ишлайди. Бу жараён доимий давом этиши керак. Олимнинг бутун ўй-хаёли шу.
Ҳозир балки, 10–15 фоиз бўлиши мумкин, лекин илм билан шуғулланаётган, илмий тадқиқот олиб бораётганлар орасида тасодифий олим қолган эмас. Ҳаммасининг ўз илмий муаммоси бор, шу атрофида ишлаяпти. Демак, улар давлат учун ишлаяпти. Мен ўзимни давлатнинг аскари деб биламан, чунки унинг манфаатларини ҳимоя қилишга ҳаракат қиламан. Мақсад шу, ният шу. Шунинг учун ўз олимларимизни бегона қилмасдан, уларнинг салоҳиятидан фойдаланиш керак. Улар ҳар қандай ҳолатда хизмат қилиб беради. Чунки бу тоифа фидойи бўлади: ойлик берилса ҳам, берилмаса ҳам, шароит оғир бўлса ҳам илмда юраверади. Ичида илмга ишқ бор. Шунинг учун мулоқот доимий бўлиши керак. Фақат «галочка» учун, расмий ёки мажбурий эмас, ихтиёрий бўлиши керак.