Янги Наманган туманидаги 65-умумтаълим мактаби ўқувчиси йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида жароҳатланди. 

Маълум қилинишича, 2 октябр куни учинчи дарс соатида инглиз тили фани ўқитувчисининг дарс якунланишидан 10 дақиқа аввал синфни тарк этиши оқибатида уч нафар ўқувчи мактаб ҳудудидан чиқиб кетган.

Соат 15:20 атрофида ўқувчилардан бири йўлнинг қарама-қарши томонига сув олиш учун ўтиб, қайтиш вақтида “Дамас” русумли автомобил уриб юбориши оқибатида жароҳатланган. Ўқувчига тиббий ёрдам кўрсатилган.

Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизматининг билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан масъул ходимларнинг фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, синф раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарига огоҳлантириш берилди ҳамда инглиз тили фани ўқитувчисига нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазо чораси қўлланилди.