Ўзбекистон | 15:32 / 10.11.2025
1396
2 дақиқада ўқилади

Тиббий таълимда уч босқичли баҳолаш тизими жорий этилади, ҳамширалар тайёргарлиги янгича форматга ўтади

Янги тартибга кўра, талабаларнинг билими бакалавр босқичида, врачларники эса резидентурадан кейин ихтисослашган имтиҳон орқали баҳоланади; шундан сўнг мутахассис давлат рўйхатидан ўтиб, фаолиятга рухсат олади. Шу билан бирга, Ҳамширалар академияси базасида Олий касбий тиббиёт академияси ташкил этилиб, келаси йилдан АҚШ, Германия ва Буюк Британия ҳамкорлигида олий маълумотли ҳамширалар тайёрланади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда тиббий таълим ва кадрлар сифатини ошириш мақсадида уч босқичли баҳолаш тизимини жорий этиш белгилаб олинди.

Бакалавр босқичида талабаларнинг фундаментал ва клиник фанлар бўйича билимлари баҳоланади.

Резидентурани тугатган врачлар ўз ихтисоси бўйича имтиҳон топширади.

Имтиҳондан сўнг мутахассис давлат рўйхатидан ўтади ва унга тиббий фаолият юритишга рухсат берилади.

Шунингдек, тиббий хизматнинг энг яқин бўғини — ҳамширалар тайёргарлигини замонавий талабларга мослаштириш зарурлиги қайд этилди. Эндиликда оддий муолажани бажариш билан чекланмай, ташхис, даволаш ва профилактикада шифокорга кўмаклаша оладиган ҳамшираларни тайёрлашга ўтилади.

Бу мақсадда Ҳамширалар академияси Тошкент давлат тиббиёт университети тасарруфига ўтказилиб, унинг негизи асосида Олий касбий тиббиёт академияси ташкил этилади. Академия АҚШ, Германия, Буюк Британия олийгоҳлари билан ҳамкорликда келаси ўқув йилидан бошлаб олий маълумотли ҳамширалар тайёрлашни йўлга қўяди.

Кутилишича, янги тизим кадрлар сифатини оширади, беморга хизмат кўрсатишнинг клиник самарадорлигини ва жамоат саломатлигига таъсирини кучайтиради.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид