Ўзбекистон | 21:16 / 15.06.2026
12125
2 дақиқада ўқилади

Оҳангаронда ИИБ ходимлари пичоқланди

Иллюстратив фото

15 июнга ўтар кечаси Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Эйвалак маҳалласида ички ишлар ходимларига пичоқ билан ҳужум қилинди. Kun.uz манбасига кўра, ҳодиса оқибатида камида икки ходим тан жароҳати олган.

Манбанинг сўзларига кўра, ҳудудда хизмат олиб бораётган патрул-пост хизмати ходимлари бир гуруҳ маст кишиларни кўриб қолган ва уларни тартибга чақириб, жарима ёзмоқчи бўлишган. Воқеа жойида тортишув юзага келган ва фуқаролардан бири пичоқ билан ҳамла қилиб, профилактика инспекторига тан жароҳати етказган.

Воқеа жойига етиб келган бошқа ходимлар ҳимояланиш мақсадида қурол қўллагани айтилмоқда.

Kun.uz ихтиёридаги ҳужжатда айтилишича, шу туманда яшаб келган 34 ёшли эркак гумонланувчи сифатида қидирилмоқда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси, қасддан одам ўлдиришга суиқасд бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирча Бош прокуратура ва ИИВ бу ҳолат бўйича расмий хабар бермади, Kun.uz’нинг бу борадаги сўровлари ҳам жавобсиз қолдирилмоқда.

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид