Спорт | 01:09 / 15.09.2025
27454
4 дақиқада ўқилади

Бокс бўйича ЖЧ. Ўзбекистон 6 та олтин медал билан турнирни иккинчи ўринда якунлади

Кечки дастурда Абдумалик Ҳалоков ва Акмалжон Исроилов ишончни оқлаб, Ўзбекистон ҳисобига бешинчи ва олтинчи олтин медалларни келтирди. Аммо Навбаҳор Ҳамидова ҳамда Жаҳонгир Зокиров финалда Қозоғистон вакилларига ютқазишди.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Ўзбекистон бокс жамоаси Англиянинг Ливерпул шаҳри мезбонлик қилган жаҳон чемпионатининг сўнгги кунида кечки дастурда ҳам яна 2 та олтин медални қўлга киритди ва олтин медаллар сонини 6 тага етказиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. 

Кечки дастурда дастлаб -60 кг вазнли боксчилар финал баҳсида Абдумалик Ҳалоков рингга кўтарилди ва бразилиялик Луиз Габриэл де Оливейра устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, делегация ҳисобига бешинчи олтин медални келтирди.

Боксчининг ўзи учун бу иккинчи бор жаҳон чемпионлиги бўлди. Ҳалоков бу сафарги турнир давомида туркиялик Меҳметхан Чинор, италиялик Жиусеппе Канонико, қозоғистонлик Бибарс Жексен ҳамда япониялик Шунсуке Китамотони мағлуб этганди (яримфиналдаги рақиб қоши ёрилгани туфайли жангни давом эттира олмади).

Шундан кейин аёллар жамоасининг финалдаги ягона вакили Навбаҳор Ҳамидова (-65 кг) ўз иштирокини ўтказди. Аммо у ҳал қилувчи баҳсда принципиал рақиб, қозоғистонлик Аида Абикеевага 0:3 ҳисобида мағлуб бўлди ва кумуш медал билан кифояланди.

У биринчи ва иккинчи раундларни ўз ҳисобига ёзиб қўйганди, аммо ҳал қилувчи раунддаги сусткашлиги туфайли ғалабани бой берди.

Бу Ҳамидова учун жаҳон биринчиликларидаги иккинчи кумуш бўлди.

-85 кг вазнли боксчилар финал баҳсида эса Акмалжон Исроилов англиялик Тигн Стотт устидан ишончли ғалабага эришди ва жамоа ҳисобига олтинчи олтин медални келтирди.

19 ёшли Исроилов финалга қадар йўлда австралиялик Лачлан Лавсон, испаниялик Рикардо Фреснеда ҳамда австриялик Мичаел Фарес Дероуичега имкон қолдирмаганди.

Унинг олтинидан сўнг турнир жадвали пешқадамлари – Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳисобидаги олтинлар сони тенглашди (қозоғистонликларнинг учта олтинини аёллар жамоаси келтирган) ва барчаси +90 кг вазн тоифасидаги финал жангида ҳал қилинадиган бўлди.

Бу баҳсда Жаҳонгир Зокиров Ойбек Ўралбойга қарши рингга кўтарилди, суперфинал якунида эса ҳакамлар ғалабани Қозоғистон вакилига беришди. Жаҳонгир 1-раундда 3:2, иккинчи раундда 4:1 ҳисобида устун келганди. Лекин 3-раундда фаоллик кўрсатмагани сабабли ҳакамлар қозоғистонлик боксчига устунлик беришди ва умумий очколар бўйича (ҳаваскор боксда раундлар кесимида ҳисобланмайди) Ўзбекистон вакили 2:3 ҳисобида мағлуб бўлди.

Зокиров турнирдаги иштирокини жазоирлик Моурад Кадини мағлуб этиш билан бошлаган, кейинги босқичларда германиялик Никита Путилов, норвегиялик Омар Шиҳа ва хитойлик Данабиеке Байикевузидан устун келиб, финалга чиққанди.

13 сентябр куни ўтказилган эркаклар ўртасидаги дастлабки финалда Фазлиддин Эркинбоев (-75 кг) Болгария вакили Киван Рамини мағлуб этиб, олтин медаллар ҳисобини очиб берганди. Ундан ташқари, шу кунги яримфинал жангларида аёллар жамоасидан Cабина Бобоқулова, Феруза Казакова ва Азиза Зокирова бронза медалларга сазовор бўлишганди. 14 сентябр куни кундузги дастурдаги финалларда Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-65 кг), Жавоҳир Умматалиев (-80 кг), Тўрабек Ҳабибуллаев (-90 кг) ҳамда Абдумалик Халоков (-60 кг) ўз жангларида ғалаба қозонганди.

Шу тариқа, Ўзбекистон бокс жамоаси 60 давлатдан 500 дан ортиқ боксчилар ўзаро баҳс олиб борган турнирни 6 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза билан якунлаб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни қўлга киритди. Қозоғистон 7 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза билан биринчи бўлди.

Маълумот учун, Ўзбекистон эркаклар ва аёллар жамоалари Ливерпулдаги турнирга жами 18 нафар боксчи билан ташриф буюрганди. Якунда шундан 11 спортчи совриндор бўлди, 7 нафари эса медалсиз қолди: эркаклар жамоасида Шодиёр Мелиқўзиев (-50 кг), Миразизбек Мирзахалилов (-55 кг) ва Шавкатжон Болтаев (-70 кг) чоракфиналдаёқ иштирокини тўхтатди, аёллар жамоасида эса Нигина Ўктамова (-54 кг), Ҳуморабону Мамажонова (-57 кг), Ситора Турдибекова (-60 кг) ва Олтиной Сотимбоева (-80 кг) медалларгача етиб кела олишмади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид