2025 йил охирида Владимир Путин ҳарбий қўмондонларни йиғган ҳамда 2026 йил учун «НАТО ва Европа Иттифоқини ичидан парчалаш» мақсадини қўйган, деб ёзмоқда The New York Times ушбу учрашув тафсилотларидан хабардор бўлган мулозимларга таяниб.
Нашр суҳбатдошларига кўра, Молдова ушбу режаларда муҳим ўринни эгаллаган. Ғарб махсус хизматлари вакилларининг маълумотига кўра, Кремлнинг устувор йўналишлари рўйхатида Украинани бўйсундириш биринчи ўринда, Молдова устидан назорат ўрнатиш эса – иккинчи ўринда туради. Шу билан бирга, Путин ўша вақтда – мудофаа вазирлигининг кенгайтирилган ҳайъати йиғилишида – Европа етакчиларини Россия томонидан ҳужум таҳдиди мавзусида «жазавага тушаётгани» учун танқид қилганди. «Бир неча бор айтганман: бу ёлғон, сафсата, шунчаки Россиянинг Европа мамлакатларига хаёлий таҳдиди ҳақидаги сафсата», – деганди у.
NYT суҳбатдошларига кўра, Молдова Россия учун ҳам Украина, ҳам Ғарбга қарши кейинги тажовуз учун идеал плацдарм бўлиши мумкин эди. Уларнинг қўшимча қилишича, Путин ҳали ҳам Россияни Молдова билан боғлайдиган қуруқлик йўлагини яратиш учун Украина жанубидаги ҳудудларни эгаллаб олишга умид қилади.
Ушбу мақсадларда Россия 2025 йил 28 сентябрда Молдовада бўлиб ўтган парламент сайловларига киберҳужумлар, дезинформация, шунингдек, овозларни сотиб олиш ва ташвиқот орқали аралашишга уринган.
Кремл кампаниясига молдовалик руҳонийлар ҳам жалб қилинган. Улар Россияга бориб, у ерда Промсвязбанкнинг дебет карталарини қабул қилиб олишган, кейин Молдовага қайтиб, мукофот пуллари эвазига черковдагиларни Молдованинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши бўйича референдумни рад этишга ундаши, шунингдек, ғарбпараст сиёсатга қарши чиқишлар қилиши кўзда тутилганди. Ўшанда Молдовадаги парламент сайловларига «тарихий» сайлов деб қаралган, мамлакатнинг Европа интеграцияси келажаги кўп жиҳатдан унинг натижаларига боғлиқлиги таъкидланганди.
Ўша 2025 йилнинг ёзида Сербияда машғулот лагери ташкил этилиб, унинг иштирокчилари (уларнинг аксарияти Молдова фуқаролари эди) милтиқ ишлатиш, полиция тўсиқларини ёриб ўтиш ва биноларга ўт қўйиш бўйича ўқитилган. Уларга уч-тўрт кунлик курсда қатнашиш учун 400 доллардан тўланарди. Лагердаги инструкторлар Россия ҳарбий разведкаси (ГРУ) билан алоқадор ходимлар бўлиб, унинг мақсади сайловларга аралашиш бўйича ўқитилган жангчилар гуруҳини тайёрлаш эди, дея маълум қилади Ғарб разведка хизматлари вакиллари.
Шунга ўхшаш лагер Боснияда, шунингдек, Москва яқинида ҳам ташкил этилади. Молдова прокурорлари маълумотларига кўра, бу машғулотлар иштирокчилари (Молдованинг 100 дан ортиқ ёш фуқаролари) ёндирувчи воситалар ва қўлбола портловчи қурилмаларни тайёрлаш ва ишлатишни, шунингдек, «портловчи моддалар ўрнатиладиган дронлар» билан муомила қилишни ўрганган.
Молдова президентининг миллий хавфсизлик ва мудофаа масалалари бўйича маслаҳатчиси Станислав Секриеру Россия Молдовадан «Украинага, шунингдек, унинг асосий мудофаа ва молиявий донори сифатида Европа Иттифоқига қарши душманлик ҳаракатлари учун плацдарм сифатида» фойдаланмоқчи эканини айтган. «Айнан шунинг учун сўнгги бир неча йил ичида Россия бу мақсадларга мисли кўрилмаган ресурсларни йўналтирди», – дея қўшимча қилади у.
NYT нашри ёзишича, Молдова ҳукумати бунга тайёр бўлиб чиқади. Овоз бериш бошланишидан бир неча ҳафта олдин Молдова ҳуқуқ-тартибот органлари юзлаб уйларда тинтув ўтказади ва машғулот лагерларида тайёргарликдан ўтиб келганларни ҳибсга олади, маҳаллий кибермутахассислар эса Ғарбдаги иттифоқчилар кўмагида ҳакерлик ҳужумларини қайтаради. Сайловда Майя Сандунинг партияси парламентда кўпчилик ўринларни сақлаб қолади. «Биз жангда ғалаба қозондик. Аммо ҳали урушда ғалаба қозонмадик», –дейди Молдова Киберхавфсизлик агентлиги директори Михай Лупашку.











