7 август куни мусулмонлар учун муқаддас Макка шаҳрида, Каъба ёнида уч йирик мусулмон давлати томонидан хавфсизлик ва мудофаа пакти имзоланди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Покистон Ислом Республикаси ва Туркия Республикасини мазкур келишувга ундаган омиллар ва битимнинг Ўзбекистон жамияти учун аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Ўзбекистон жамияти нуқтайи назаридан қараганда, бу давлатларнинг биз учун аҳамияти қандай? Ўзбекистон – Марказий Осиё минтақасининг юрагида жойлашган. Минтақада Ўзбекистоннинг тўртта қўшниси мавжуд: Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон. Энди, минтақадан ташқарига чиқадиган бўлсак, Ўзбекистоннинг жанубида яна муҳим тўрт давлат борки, бу давлатлар билан Ўзбекистон халқи тарихан, ўзлик даражасида мустаҳкам боғлиқликларга эга.

Бу “жанубий тўртлик”ка Туркия Республикаси, Эрон Ислом Республикаси, Афғонистон Ислом Амирлиги ва Покистон Ислом Республикаси киради. Макка пактида мана шу тўртликдан иккитаси иштирок этмоқда: туркий давлатларнинг аҳоли сонига ва иқтисодий ҳамда ҳарбий салоҳиятига кўра энг йирик давлати ҳисобланмиш Туркия, ҳамда ядровий салоҳиятга эга ягона мусулмон давлати ҳисобланмиш Покистон.

Саудия Арабистони-чи? Ушбу мамлакатдаги Макка ва Мадина шаҳарлари ислом цивилизациясининг географик маркази ҳисобланади. Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоиздан ошиғи ислом динига эътиқод қилар экан, аҳоли учун диний жиҳатдан муқаддас масканларнинг хавфсизлиги – муҳим масала ҳисобланади. Шунинг учун, Саудия Арабистони бутун бир мусулмон дунёси учун энг муҳим рамзий давлат деб ҳисобланиши табиий.

Хўш, бу уч давлатнинг Макка пактини имзолашдан асосий мақсадлари, мотивлари нималардан иборат бўлиши мумкин?

Индивидуал мотивлар. Ушбу учта давлатнинг ҳар бирини алоҳида мотивлари мавжуд.

Покистон учун – унинг энг асосий рақиби Ҳиндистон билан стратегик тирашувда “мусулмон командаси”ни кенгайтириш, ва шу йўл билан расмий Деҳлига “менинг кучли иттифоқчиларим бор” дея сигнал бериши, табиий.

Туркия учун ҳам тарихан шаклланган муаммолар, зиддиятлар ва масалалар бор. Туркия – НАТО аъзоси, лекин расмий Анқара ўзининг хавфсизлиги ва тақдирини фақат НАТОга боғлаб қўйиш нияти йўқ. Аксинча, ўзининг геостратегияси ва хавфсизлигини диверсификация қилиш йўлидан кетмоқда. Ушбу пакт Анқарага НАТО билан муносабатларда қўшимча вазн беради. Шунингдек, Туркиянинг Греция, Кипр, ЕИдаги баъзи давлатлар билан муносабатларида ҳам рамзий инструмент ролини ўйнайди.