Британиялик боксчилар Тайсон Фюри ва Энтони Жошуа жанг ўтказишга келишиб олди. Бу ҳақда Саудия Арабистони Бош кўнгилочар бошқармаси раиси Туркий Аш-Шайх ижтимоий тармоқда маълум қилди.

«Буюк Британиядаги дўстларим, бу жанг бўлади. Шартнома имзоланди», деб ёзди у.

The Ring журналисти Майк Коппингер сўзларига кўра, жанг 2026 йил тўртинчи чорагида (октябрь-декабрь) бўлиб ўтади. У бўлажак беллашувни «Британия бокси тарихидаги энг йирик жанг» деб атади.

37 ёшли Тайсон Фюри Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA), Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBO), Халқаро бокс ташкилоти (IBO), Халқаро бокс федерацияси (IBF) ва Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) унвонларига эгалик қилган. Унинг ҳисобида 35 та ғалаба, иккита мағлубият ва битта дуранг бор.

Энтони Жошуа 36 ёшда. У IBF, WBA, WBO ва IBO камарларига эга эди. Профессионал рингда британиялик 29 та ғалаба қозонди ва тўртта мағлубиятга учради.