Дунё аҳолисининг энг бой 10 фоизи барча шахсий бойликнинг қарийб 75 фоизига эгалик қиляпти. Бу ҳақда World Inequality Report 2026 ҳисоботида келтириб ўтилган.
Даромадлар тақсимотида ҳам вазият худди шундай: энг юқори 50 фоиз умумий даромаднинг 90 фоиздан ортиғига эгалик қилади, қолган 50 фоиз камбағал инсонлар ҳиссасига эса жами даромаднинг 10 фоизидан камроқ қисмигина тўғри келади.
«Дунё бўйлаб кўплаб одамлар учун турмуш даражаси турғунлашиб бораётган бир пайтда, бойлик ва ҳокимият тобора тор доирадаги қатлам қўлида жамланяпти», дейилади ҳисоботда.
Бойлик ва даромадлар тенгсизлиги ўртасидаги фарқ
Бойлик ва даромад даражаси ҳар доим ҳам бир-бирига мос келавермайди. Энг бой одамлар доимо энг кўп даромад топувчилар бўлмайди. Бу ҳолат одамларнинг қанча пул топиши билан нималарга эгалик қилиши ўртасидаги тафовутни ҳам кўрсатади.
2025 йилда дунё аҳолисининг энг бой 10 фоизи 75 фоиз, 40 фоиз ўрта қатлам 23 фоиз, энг камбағал 50 фоиз эса атиги 2 фоиз глобал бойликни назорат қиляпти. 1990 йиллардан буён миллиардерлар ва юз миллионлаб долларга эга шахсларнинг бойлиги ҳар йили ўртача 8 фоизга ошиб келяпти. Бу кўрсаткич дунё аҳолисининг энг камбағал ярми бойлигининг ўсиш суръатидан деярли икки баравар юқори.

Энг бой 0,001 фоиз — яъни 60 мингдан камроқ мултимиллионер инсониятнинг ярмига нисбатан уч баравар кўп бойликни назорат қилади. Уларнинг улуши 1995 йилдаги 4 фоиздан 6 фоизгача ошган.
«Энг камбағал қатлам ҳам кичик ютуқларга эришган бўлса-да, бу энг юқори қатламда бойлик жамғарилишининг ошиб бораётгани фонида сезилмай қолмоқда. Натижада дунё жуда озчилик катта молиявий қудратга эга бўлган, миллиардлаб одамлар эса иқтисодий барқарорлик учун курашаётган манзарани акс эттиряпти», дейилади ҳисоботда.
Даромад кўрсаткичлари солиқдан олдинги тушумлар асосида, пенсия ва ишсизлик суғуртаси бадаллари инобатга олинган ҳолда ҳисобланган.
2025 йилда глобал даромаднинг 53 фоизи энг бой 10 фоиз одамларга, 38 фоизи эса 40 фоиз ўрта қатлам ҳиссасига тўғри келган. Аҳолининг қуйи бўғиндаги 50 фоизи эса атиги 8 фоиз глобал даромадга эгалик қилган.


















