Тадбиркорлар билан лимитдан ортиқча ишлатилган электр энергияси учун 2 баробар – киловатт-соатига 1800 сўмдан ҳисоб-китоб қилинмоқда. Маълум бўлишича, бу борадаги қарор шу йил 31 майда қабул қилинган.
Тадбиркорлик субъектлари нотурар бинолар учун ўтган йил августидан бошлаб ошган тарифда – 1 kWh учун 900 сўмдан тўлов қилиб келишмоқда. Бунда улар электр таъминоти корхонаси билан шартнома қилиши, ойлик тахминий истеъмоли қанча эканини кўрсатиб, 50 фоиз олдиндан тўлов қилишлари керак эди. Ўзлари кўрсатган ойлик лимитдан ортиқ қисми учун, улар 1 kWh’га 960 сўм тўлаб келган.
1 июндан эса олдиндан тўлов 100 фоиз бўлган, лимитдан ортиқча қисми учун 2 баробар ҳақ – киловатт-соатига 1800 сўмдан ундирилмоқда. Бу вақтда аксарият тадбиркорлар бундан бехабар эди.
«Бу жаҳон тажрибаси» – Энергетика вазирлиги
Энергетика вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Вазирликка кўра, бу тартиб ҳукуматнинг жорий йил 31 майдаги қарорига кўра кучга кирган. Унда ҳисоб-китоб даврида юридик истеъмолчилар томонидан электр энергияси истеъмоли шартномавий миқдордан 10 фоиз ва ундан ортишига йўл қўйилган тақдирда, ортиқча истеъмол қилинган электр энергияси учун белгиланган тарифнинг икки баравари миқдорида қўшимча тўлов ундирилиши қайд этилган.
Шунингдек, истемолчилар агар электр энергиясининг шартномадаги ҳажмини ўзгартирмоқчи бўлса, ҳисобот ойи бошланишидан 10 кун олдин ҳудудий электр тармоқларига таклиф бериши кераклиги ҳам назарда тутилган.
Вазирлик амалдаги бу тартиб жорий йилда эмас, олдинги меъёрий ҳужжатларда ҳам қайд этилгани, юридик истеъмолчиларнинг доимий истеъмол қувватлари шартнома бандларида келтириб ўтилишини айтмоқда.
Бундан ташқари, расмий муносабатда бу хорижий давлатлар, хусусан, Хитой, Туркия ва Россия тажрибасида кузатилиши таъкидланади.
«Бу давлатларда истеъмолчиларнинг шартномада белгиланган миқдордан ошганда электр энергияси кейинги диапазоннинг юқори нархларида тўланади.















