Украина президенти Володимир Зеленский 22 сентябр куни кечқурун Ню Йоркда АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашади. The Guardian нашри ёзишича, музокараларда Трамп Зеленскийни Россия билан энергетик сулҳ тузишга кўндирмоқчи.
20 сентябр куни АҚШ ва Украина раҳбарлари телефон орқали мулоқот ўтказганди, Financial Times манбаларига кўра, бу суҳбат «дизел, дизел ва яна дизел» ҳақида кечган. Кейинги куни Трамп Франция президенти Эммануэл Макрон билан Россия ва Украина ўртасидаги энергетика сулҳи ғоясини муҳокама қилган. Франция раҳбари бу мулоқотни «жуда конструктив» деб атаган ва бу масалани Зеленский билан учрашувда ҳам кўтаришни ваъда қилган.
Трамп Украина қуролли кучларининг Россиядаги дизел ишлаб чиқариш корхоналари бўйлаб зарбаларидан норози ва аллақачон Зеленскийдан бундай ҳужумларни тўхтатишни сўраган. 13 сентябр куни у ёнилғи нархи ошиши учун жавобгарликни тўғридан тўғри Киев зиммасига юклади ҳамда мавжуд вазиятга АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши эмас, балки Россия ва Украина ўртасидаги уруш сабаб эканини қайд этди.
Трамп 14 сентябр куни Москва ва Киев бир-бирининг энергетика инфратузилмаларига зарба беришни тўхтатишга келишиб олганини маълум қилганди. FT манбалари эса Путин бундай келишувга рози бўлмаслиги, чунки қишда энергетика объектларига ҳужумлар унга Киевга босим ўтказиш учун қўшимча дастак бериши мумкинлигини айтишди.
Ўзаро зарбалар алмашинуви эса тўхтамади. Ўтган вақт мобайнида Россия Киев, Одесса, Запорижжя, Суми ва Одесса областларидаги энергетика инфратузилма объектлари бўйлаб зарбалар йўллади. Хусусан, россиялик ҳарбийлар 22 сентябрга ўтар кечаси уюштирган ҳужумлар оқибатида Украинанинг еттита области аҳолиси электр таъминотисиз қолди.
Ўз навбатида, Украина Сизран, Ярослав, Москва ва Куйбишевдаги нефтни қайта ишлаш заводларига зарбалар берди. Трамп заводларга мунтазам ҳужумлар туфайли энди Россия ўз дизел саноатини назорат қила олмаётгани ва бундан «бутун дунё жабр кўраётгани»ни айтди.
Кремлдагилар энергетика сулҳини «яхши ғоя» деб атади, бироқ нефтни қайта ишлаш заводларининг хавфсиз ишлаши ва нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўсиши «жаҳон муаммолари»ни ҳал қилмаслигини, етказиб беришга қўйилган санкцияларни бекор қилиш ва танкерлар хавфсизлигини таъминлаш муҳимроқ эканини қайд этди.
Зеленский эса Россия ва Украина муаммога турлича ракурслардан қарашини айтди: Москва нефт ва газ сотишни, Киев эса – фуқароларининг уйларида электр бўлиши ҳақида ўйлайди. У Россияга сулҳ учун объектлар рўйхатини «столга қўйиш»ни таклиф қилди. Душанба куни Зеленский Россия зарбаларни тўхтатиши керак бўлган объектларни санаб ўтди:


















