DW хабарига кўра, Молдова бош вазири Василе Тофан қиш арафасида учта минтақавий инқироз бир вақтда таъсир кўрсатиб, вазиятни оғирлаштириши мумкинлигини билдирган.

Унинг айтишича, Ҳўрмуз бўғозидаги вазият туфайли газ нархи амалдаги тариф ҳисоб-китобига киритилган қийматдан 50 фоизга ошиб кетган. Яқин Шарқда нефт қайта ишлаш қувватларининг қисқариши эса ёнилғи тақчиллиги хавфини кучайтирмоқда. Молдова бундай муаммога жорий йил июл ойида ҳам дуч келган.

Шу билан бирга, 700 минг аҳоли яшайдиган Кишинёв агломерациясини сув билан таъминловчи Днестр ҳавзасида сув сатҳи хавфли даражага тушган.

Фавқулодда ҳолат қандай ваколатлар беради?

Ҳукумат қароридан олдин, 21 сентябр куни президент Майя Санду раислигида Олий миллий хавфсизлик кенгаши йиғилиши ўтказилган. Унда кутилмаган вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш учун чоралар режасини тайёрлаш топширилган.

Фавқулодда ҳолат Инқирозларни бошқариш миллий комиссиясига ускуналарни тендерсиз тезкор харид қилиш, энергия ресурслари импорти, экспорти ва тақсимоти бўйича бажарилиши мажбурий бўлган вақтинчалик қарорлар қабул қилиш ҳуқуқини беради.

Комиссия электр таъминотида устувор йўналишларни белгилаши ва сув истеъмолини чеклаши мумкин. Нархлар кескин ошса, тарифлар, солиқлар ва акцизларга оид қоидаларни вақтинча ўзгартириш ваколати ҳам берилган.

Мухолифат Россия билан музокараларни таклиф қилди

Россияга мойил мухолифатдаги Социалистлар партияси фавқулодда ҳолатга қарши чиққан. Партия фракцияси раҳбари, собиқ президент Игор Додон ҳукуматни ушбу режим орқали махфий шартномалар тузиш ва шаффоф бўлмаган схемаларни амалга оширишга уринишда айблаган.

Нашрнинг ёзишича, фавқулодда ҳолат даврида партия аввалроқ эълон қилган норозилик намойишларини ўтказиш ҳам тақиқланади. Социалистлар муқобил энергия етказиб берувчилар, аввало, Россия билан зудлик билан музокара бошлашни таклиф қилган.

Энергетика эксперти Сергей Тофилат бу таклифни популизм деб баҳолаган. Унинг фикрича, «Газпром»нинг Молдовага газ етказиб бериш учун техник имконияти йўқ: амалдаги ягона реал йўналиш — «Турк оқими» қувватлари мавжуд шартномалар билан тўлиқ банд.