Ўзбекистон | 14:24 / 10.11.2025
2179
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: тиббиёт марказларида ускуналар қувватининг фақат 25 фоизи ишлатиляпти

Йиғилишда президент йиғилганларни очиқ мулоқотга чақириб, ҳал этилишини кутган масалаларни бевосита муҳокама қилишни таклиф этди. Инфляцияни жиловлаш ва озиқ-овқат нархларини барқарор ушлаш ишлари кетар экан, аҳоли даромадининг катта қисми дори-дармонга сарфланаётгани қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарига кўра, сўнгги беш йилда ихтисослаштирилган марказларга 7,5 трлн сўм маблағ ажратилди, минглаб замонавий ускуналар ўрнатилди. «Дори етмаяпти деб бирорта марказ айта оладими?» дея савол қўйган президент асосий муаммо — ресурслардан самарали фойдаланиш эканини таъкидлади.

«Мана шу маблағлар, ускуналар ва дори-дармонлар қандай ишлатиляпти? Афсуски, ускуналарнинг қувватидан бор-йўғи 25 фоиз фойдаланилмоқда», — деди президент.

Шу муносабат билан:

  • рақамлаштириш, халқаро ҳамкор топиш, клиник протоколларни янгилаш;
  • илғор диагностика, профилактика ва даволашни уддалайдиган замонавий жамоаларни шакллантириш;
  • натижа кўрсатмаган марказ, туман, вилоят бошқармаларининг фаолиятини кескин қайта кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, ҳар бир маҳалла ва туман кесимида қайси касалликлар кўпайган/камайгани бўйича аниқ таҳлил ўтказиб, профилактика ва даволаш режаларини жорий этиш вазифаси қўйилди. Республика марказлари эса бундай таҳлил ва ёндашув билан ишни пастда ташкил этиш, катта маблағ эвазига берилган энг замонавий ускуналардан тўлиқ қувватда фойдаланишни таъминлаши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид