Ўзбекистон | 17:40 / 27.01.2026
5080
6 дақиқада ўқилади

Тошкентда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича «пойтахт намунаси» жорий этилади

Тошкентда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича «пойтахт намунаси» жорий этилади. Унга кўра, патрул-пост, йўл-патрул, қўриқлаш ва профилактика хизматлари тун-у кун 3 сменали хизмат режимига ўтади ҳамда 70 фоизи соат 17 дан тунги 3 гача патруллик қилади. Дрон ёрдамида патруллик кузатувлар йўлга қўйилади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари Тошкент шаҳри республиканинг иқтисодий, ижтимоий ва маданий маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаганини, бир сўз билан айтганда, пойтахтда иқтисодий ривожланиш даражаси сезиларли ошганини таъкидлади.

Шу билан бирга, қаерда ҳаёт яхшиланса, даромад кўпайса, ўша ерда «енгил пул топиш» ҳаракатида бўлган жиноий тузилмалар ҳам фаоллашиб, жиноятнинг янги усул ва воситалари ҳам, энг аввало, шу ерда пайдо бўлади.

Лекин ҳуқуқ-тартибот тизими пойтахтдаги янгиликларга мос ишламаётгани кўрсатиб ўтилди. Пойтахтнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари республикага намуна бўлмаётгани, бунинг учун пойтахтда ресурс ҳам, куч-воситалар ҳам, илмий салоҳият ҳам етарли бўлишига қарамасдан, ҳалигача эски «қолип»дан чиқиб кета олмаётгани танқид қилинди.

Ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда асосий бўғин – маҳалла профилактикаси. Бироқ Тошкент шаҳридаги профилактика хизматларининг иши тўғри ташкил этилмагани учун муаммолар тўпланиб қолгани қайд этилди.

Республикадаги 208 та туман ичида Чилонзор оилавий зўравонлик, талончилик, безорилик бўйича, Юнусобод босқинчилик бўйича биринчи ўринда. Ёки ўтган йили Яшнобод ва Мирободда қотиллик, Олмазорда тан жароҳати, Шайхонтоҳурда талончилик ҳолатлари энг кўп бўлган.

Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни яратиш бўйича «пойтахт намунаси» жорий этилади. Шавкат Мирзиёев янги тизимни Чилонзор тумани мисолида тушунтириб берди.

Ўтган йили туманда олдини олиш мумкин бўлган 1 минг 407 та жиноят содир этилган. Уларнинг 40 фоизи маҳалла ҳудудида бўлган. Ўғрилик, талончилик, тан жароҳати, безорилик каби жиноятлар асосан тунги вақтда содир этилаётгани қайд этилди.

Шу боис, жамоат хавфсизлиги куч-воситаларини бошқариш янгича ташкил қилинади.

Патрул-пост, йўл-патрул, қўриқлаш ва профилактика хизматлари тун-у кун 3 сменали хизмат режимига ўтади ҳамда 70 фоизи соат 17 дан тунги 3 гача патруллик қилади. Патрул гуруҳлари ҳуқуқбузарлик тўғрисида хабар келиб тушганда, воқеа жойига 5 дақиқа ичида етиб келадиган тизим бўлади.

Тумандаги 5 та ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарлари тунги хизматни бевосита маҳаллаларда ташкил қилади. Улар тунги вақтда ўз бошлиқларига берилган барча ваколатга эга бўлади, мустақил қарор қабул қилади ва масъулиятни ҳам тўлиқ зиммасига олади.

Бундан буён туман ички ишлар жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари ва 5 та ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарлари бошқа ишларга умуман жалб қилинмайди. Уларнинг фаолияти фақат вазирнинг буйруғи билан тартибга солинади.

Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларига тунги хизматининг ҳар соатига базавий ҳисоблашнинг 5 фоизи миқдорида компенсация тўланиши белгиланди.

Аҳолининг ҳуқуқларини таъминлаш ва қулай шароит яратиш мақсадида судлар, адвокатура, суд-тиббий экспертизанинг ҳам марказлашган тунги навбатчилигини ташкил этиш бўйича хорижий тажрибани ўрганиш топширилди. Илғор тажриба асосида аҳоли гавжум жойларда дрон ёрдамида патруллик кузатуви йўлга қўйилади.

Чилонзор тумани ички ишлар ходимлари соҳаси ва ҳудудидан қатъи назар, фуқаро мурожаатини қабул қилади, кўчада формали ходимга қилинган мурожаат «102»га хабар берган билан тенг бўлади.

Тумандаги барча 55 та маҳалладаги профилактика инспекторининг хизмат хонаси эшиги у билан тезкор боғланиш учун алоқа тугмаси билан жиҳозланади. Яъни профилактика инспектори қаерда бўлмасин, аҳоли уни қўл телефони ва планшетига тун-у кун боғланиши мумкин бўлади.

Профилактика инспектори учун замонавий, халққа ёқадиган кўринишда формани тайёрлаш топширилди. Инспекторларнинг иши рақамлаштирилади, «овозли тушунтириш хати» олиш амалиёти йўлга қўйилади.

Шунингдек, туман ички ишлар тергов бўлимида материалларни кўриб чиқадиган терговга қадар текширув гуруҳлари тузилади. Бундан буён профилактика инспекторига KPI қўйишда протокол тузиш мезон бўлмайди.

«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонун ҳам жуда декларатив ёзилгани, ҳақиқий ҳолат асосида амалда ишлайдиган янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексни ҳам профилактикага йўналтирган ва таъсирчанлигини оширган ҳолда янгилаш муҳимлиги таъкидланди.

Ҳуқуқ-тартибот олийгоҳлари қуйидаги муаммоларни илм билан ҳал қилади ва методик тавсиясини туманда жорий этади. Олийгоҳ кафедралари олти ой давомида маҳаллага тушиб, «маҳалла еттилиги» ва ҳуқуқ-тартибот ходимларини ягона дастур бўйича ўқитади.

Ҳуқуқ-тартибот олийгоҳлари 3−4 курс талабалари ҳам дуал таълим асосида профилактика ва жамоат тартибини сақлаш хизматларида амалиёт ўтайди.

Янги тизим асосида хавфсиз муҳит пойтахтга туташ бўлган ва криминоген вазиятга таъсир кўрсатадиган Зангиота, Қибрай ва Тошкент туманларида ҳам яратилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид