2025 йилда дарсликлар ижараси учун тўлов олинмайди
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги келаси йили мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари ижараси учун ота-оналардан тўлов ундириш режасидан воз кечди.
2025 йилда мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари ижараси учун ота-оналардан тўлов ундирилмайди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.
Аввалроқ, бюджетнома лойиҳасида 2025–2026 ўқув йилидан бошлаб 2-11-синфларда дарслик ва машқ дафтарлари учун ижара тўлови ундириш тизимини жорий этиш таклиф этилган эди.
“Дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан чоп этилиши ота-оналар масъулияти пасайиб кетиши ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда”, – дея бу таклифни изоҳлаганди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.
Вазирликнинг 12 декабр кунги баёнотидан келиб чиқилса, бу режадан воз кечилган.
“2025 йил учун Давлат бюджети доирасида кўзда тутилган маблағлар янги ўқув йилида ўқувчиларни дарсликлар ва машқ дафтарлари билан таъминлаш бўйича эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини беради.
Бунда, ота-оналардан дарсликлар ва машқ дафтарлари ижараси учун қўшимча тўлов ундириш режалаштирилмаган”, – дея маълум қилди ИМВ.
Қайд этилишича, 2024 йилда мактаб ўқувчилари учун 83,2 млн нусха дарслик ва машқ дафтарларини етказиб бериш учун Давлат бюджетидан жами 1,5 трлн сўм ажратилган. Бу маблағлардан 435,5 млрд сўми (ёки 36 фоизи) даврийлиги 1-йил ҳисобланадиган ҳамда ҳар йили янгидан чоп этиладиган машқ дафтарлари учун йўналтирилган.
2025 йилда эса 81 млн нусха дарсликлар ва машқ дафтарлари учун жами 1,3 трлн сўм маблағларни тўлиқ Давлат бюджетидан қоплаш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, мактаб таълими тизимида 2022 йилдан бери дарсликлар учун ижара пули олинмаяпти.
Мавзуга оид
18:42 / 30.10.2024
Мактаб дарсликлари ижараси учун тўлов тикланиши мумкин
14:50 / 23.10.2024
Мисрда инглиз тилидаги илк Ўзбек тили грамматикаси дарслиги яратилди
11:54 / 29.09.2024
Собиқ совет давлатлари тарих дарсликларида Россия салбий образда тасвирланаётганидан шикоят қилинди
16:58 / 12.09.2024