7 июл куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистонда ҳоккей спортини ривожлантириш масаласида учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон президентининг спорт бўйича вакили Одил Абдураҳмонов, спорт вазири Адҳам Икромов, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов ҳамда мамлакат ҳоккей федерацияси вице-президенти Баҳодир Гафуров иштирок этди.
“Учрашувда юртимизда ёшларнинг хоккей билан шуғулланишлари учун янада қулай шароитлар яратиш, инфратузилмани кучайтириш, ёшлар ва катталар терма жамоаларимизнинг жаҳон чемпионатининг юқори дивизионларига кўтарилишлари учун керакли шароитларни яратиш, қишки Осиё ўйинларида иштирок этишларини таъминлаш каби мавзулар атрофлича кўриб чиқилди.
Шунингдек, клублар фаолиятини кучайтириш, селекция, малакали тренер ва мураббийларни тайёрлашдек йўналишлар ҳам муҳокама қилинди”, – дейилади қўмита хабарида.


Жорий йил апрел ойида тадбиркор Бахтиёр Фозиловнинг “Ҳумо” ҳоккей клуби мамлакат ичкарисидан ва Россиядан бош ҳомий излаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Бир неча кун олдин Ўзбекистонда ҳоккей ишқибозлари президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиқиб, маҳаллий ҳоккейни сақлаб қолишни сўраган эди. Мурожаатда “Ҳумо” клуби ёпилиб кетиш таҳдиди остида қолгани айтиб ўтилган.











