Жаҳон | 18:30 / 28.12.2024
10081
3 дақиқада ўқилади

Путин AZAL самолётига «Россия ҳаво ҳудудида физик ва техник таъсир бўлгани учун узр сўради» – Озарбойжон президенти сайти

«Владимир Путин 25 декабр куни Бокудан Грознийга учган Azerbaijan Airlines йўловчи самолётига Россия ҳаво ҳудудида физик ва техник таъсир бўлгани ва бунинг оқибатида юзага келган фожиали воқеа учун узр сўради», дейилади Озарбойжон президенти матбуот хизмати хабарида. Аввалроқ, Кремл хабарида Россия президенти «Озарбойжон самолёти билан содир бўлган воқеа Россия ҳаво ҳудудида юз бергани учун» Алиевдан узр сўрагани айтилган эди.

Фото: АР/ТАСС

28 декабр куни Россия президенти Владимир Путин Озарбойжон президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилди. Суҳбат ҳақида Озарбойжон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, икки давлат раҳбари 25 декабр куни Бокудан Грознийга учган Azerbaijan Airlines авиакомпанияси самолёти ҳалокатини муҳокама қилган.

Озарбойжон президенти матбуот хизмати хабарига кўра, Путин самолётга Россия ҳаво ҳудудида физик ва техник таъсир бўлганини айтган.

«Владимир Путин 25 декабр куни Бокудан Грознийга учган Azerbaijan Airlines йўловчи самолётига Россия ҳаво ҳудудида физик ва техник таъсир бўлгани ва бунинг оқибатида юзага келган фожиали воқеа учун узр сўради. У бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади», дейилади хабарда.

Шу билан бирга, хабарда «физик ва техник таъсир» ҳақида батафсил тушунтириш берилмаган.

Президент Илҳом Алиевнинг қайд этишича, Azerbaijan Airlines самолёти Россия ҳаво ҳудудида бўлганида «ташқи физик ва техник таъсирга учраган», бошқарувни бутунлай йўқотиб, «Оқтов (Қозоғистон) шаҳрига жўнатилган» ва фавқулодда вазият юзага келган. Шундай бўлса-да, «фақат учувчиларнинг жасорати ва профессионаллиги туфайли қўнган».

Озарбойжон раҳбари суҳбатда самолёт корпусида «кўплаб тешиклар мавжудлиги, йўловчилар ва экипаж аъзолари ҳавода бўлганида самолёт ичига кирган ёт зарралар таъсирида жароҳатлангани», «тирик қолган борт кузатувчилари ва йўловчиларнинг шу ҳақдаги баёнотлари борлигини» алоҳида таъкидлаб, ташқи «физик ва техник таъсир фактини тасдиқлаган».

«Суҳбат чоғида давлат раҳбарлари ушбу фожианинг барча тафсилотларини жиддий ва кенг қамровли текшириш, шунингдек, айбдорларни жавобгарликка тортиш масалаларини муҳокама қилдилар», дейилади хабарда.

Президент Илҳом Алиевнинг айтишича, Озарбойжон томонининг таклифи билан ушбу авария сабабларини ҳар томонлама текшириш учун халқаро экспертлар гуруҳи ташкил этилган ва бу гуруҳ аллақачон иш бошлаган.

Давлат раҳбарлари, шунингдек, фожиа юзасидан бошланган тергов жараёни ошкора олиб борилиши ва бу ҳақда жамоатчилик мунтазам равишда хабардор қилинишини алоҳида таъкидлаган.

Аввалроқ, икки давлат президенти суҳбати ҳақида Кремл ҳам хабар бериб, унда Россия президенти «Озарбойжон самолёти билан содир бўлган воқеа Россия ҳаво ҳудудида юз бергани учун» Алиевдан узр сўрагани айтилган эди.

Мавзуга оид