13:11 / 24.04.2024
5388

“Қаерда, қайси метан-шохобча ишлаётганини кўрсатадиган илова ишга тушади” — Энергетика вазирлиги

Ўзбекистонда метан-шохобчаларнинг очиқ ёки ёпиқ экани ва у ердаги тирбандликни кўрсатувчи мобил илова ишлаб чиқиляпти. Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаевнинг Kun.uz'га айтишича, иловага бутун республика бўйлаб “Ҳудудгазтаъминот”дан газ сотиб оладиган 1329 та шохобча киритилади. Шу йил қишда ҳайдовчиларнинг қўлида илова бўлади, деди у.

Фото: Kun.uz

“Ҳудудгазтаъминот” тасарруфидаги метан-шохобчаларнинг қайси бири, қаерда ишлаётганини 24 соат давомида кўрсатиб турувчи мобил илова ишга туширилади. Бу ҳақда 22 апрел кунги матбуот анжуманида Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

“Қиш ойларида кўпчиликни ўйлантирган савол бор эди: “Қаерда метан-заправка ишлаяпти, шу ҳақда маълумот берсанглар”, деган. Бундан бу ёғига 24 соат давомида “Ҳудудгазтаъминот” тасарруфидаги метан-заправкаларнинг қайси бири, қаерда ишлаяпти... Бу “Яндекс” билан ҳамкорликда қилинаётгани учун қаерда қанақа тиқилинч борлиги ҳақидаги маълумотлар онлайн тарзда узатилар экан”, – деди у.

Ҳасан Тошхўжаев Kun.uz'га берган қўшимча изоҳида, бу бутун республика бўйича ишлашини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “Ҳудудгазтаъминот” томонидан ишлаб чиқилаётган ушбу илова Yandex Go такси иловасига интеграция қилинади. Лекин тизимнинг ўзи “Яндекс”нинг ичида эмас, ундан алоҳида илова бўлади.

“Мутахассислар бу функцияни Yandex Go такси иловасига қўшишга ҳам ҳаракат қилишяпти, мабодо сизда Yandex Go иловангиз бўлса, қаерда заправка ишлаётган бўлса, кўришингиз мумкин бўлади. Аммо “Ҳудудгазтаъминот” алоҳида метан заправкалар учун илова устида ишлаяпти. Yandex Go билан интеграция қилиниб, реал вақт режимида қаерда қанча тирбандлик бор, қаерда қанча кутишга тўғри келишини, сиз турган ҳудуддан энг қулай заправкани кўришингиз мумкин бўлади”, – деди Тошхўжаев.

Унинг қўшимча қилишича, “Ҳудудгазтаъминот” тасарруфида бугунги кунда бутун республика бўйича 1329та АГТКС бўлиб, компания билан шартнома тузган барча шохобчалар иловага киритилади.

“Келгусида иловада қайси заправка бўлмаса, демак у “Ҳудудгаз” билан шартнома тузмаган ва газни “Ҳудудгазтаъминот” АЖдан олмайди. Илова жорий йилнинг куз-қиш мавсумида ишга тушиши режа қилиняпти. Қишда ҳайдовчиларнинг қўлида илова бўлади”, – дейди вазирлик матбуот котиби.

Унинг сўзларига кўра, истеъмолчиларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида электр энергияси ва табиий газ сарфи ҳақидаги маълумотларни тақдим этувчи мобил иловалар ишлаб чиқилмоқда. Ҳозирда истеъмолчилар бу маълумотларни “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ҳудудгазтаъминот” расмий сайтларида шахсий кабинет орқали олишлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, куз-қиш мавсумида, совуқ кунларда табиий газ босими камайиши туфайли газни биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларига етказиш мақсадида метан-шохобчалар фаолиятига одатий равишда чеклов киритилади. Бу эса шохобчалар олдида жуда узан навбатларни юзага келтиради.

Сўнгги чекловлар феврал ойи ўрталаридан 7 мартгача давом этганди.

Top