Тошкент вилояти Пискент тумани ҳокими Музаффар Ариповнинг фермерларга нисбатан ҳаракати юзасидан Фермерлар кенгаши, Бизнес-омбудсман ҳамда ҳокимликнинг ўзи муносабат билдирди. Фермерлар кенгаши ва Бизнес-омбудсман фермерларни, ҳокимлик эса ҳокимни ҳимоя қилмоқда.

“Прокуратурага мурожаат киритилди”

Фермер кенгаши Музаффар Ариповнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо беришни сўраб прокуратурага мурожаат қилди. Бу ҳақда кенгаш матбуот хизмати хабар берди.

Кенгаш ҳеч нарса инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш учун асос бўлмаслигини маълум қилган.

“Бу каби ҳолатлар тадбиркорлик субъекти фаолиятига ноқонуний аралашув сифатида кўрилиб, мамлакатнинг халқаро имижига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкин. Шу боис, Ўзбекистон фермерлари кенгаши 2026 йил 9 октябр куни прокуратура органига Пискент туман ҳокимининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди”, дейилади хабарда. 

“Ҳолат назоратга олинди”

Ҳолат юзасидан Бизнес-омбудсман ҳам муносабат билдириб, тадбиркорнинг шаъни ва қадр-қиммати қонун ҳимоясида эканини эслатди.

“Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш, яъни ҳақорат қилиш қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Ҳолат Бизнес-омбудсман томонидан назоратга олинди. Бу бўйича ҳуқуқий баҳо берилади”, дея таъкидланган муносабатда.

Шунингдек, Бизнес-омбудсман тадбиркорлар ва фермерлар ўз шаъни ва қадр-қиммати камситилган, ҳақорат қилинган ёки ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблашса, 1100 қисқа рақами ёки +998712020898 телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини қўшимча қилган.

“Ер фермернинг хусусий мулки эмас”

Пискент тумани ҳокимлиги ўз расмий муносабатида фермерларнинг ўзини айбдор қилди. Ҳокимлик “ер фермернинг хусусий мулки эмас”лигига эътибор қаратиб, “картошка экилмаса, бозорда нарх қимматлашса, жабрини чекувчи яна ўзлари” бўлишини таъкидлаган.

“Ҳолатга холис баҳо бериш учун йиғилишдаги мулоқот тафсилотлари билан бир қаторда, муҳокамага сабаб бўлган масала, олдиндан белгиланган вазифалар ва уларнинг аҳоли манфаатлари билан боғлиқ жиҳатларини ҳам инобатга олиш лозим.