Ар-Риёддаги қирол Холид номидаги халқаро аэропорт фаолияти вақтинчалик тўхтатилди, деб хабар берди Саудия Арабистони фуқаро аваиацияси бошқармаси.

Ҳукумат аэропортга ҳужум бўлганини тасдиқлади, лекин зарба ким томонидан берилганига аниқлик киритмади.

«Ҳужум натижасида бир неча киши жароҳатланди. Жабрланганлар сони аниқланмоқда», — дейилади хабарда.

AFP агентлигининг хабарига кўра, ўнлаб кишилар жароҳатланган, камида беш киши реанимация бўлимига жойлаштирилган.

Буюк Британия, Канада, Германия, Испания ва АҚШ элчихоналари ўз фуқароларига аэропортга бормасликни тавсия қилди. Испания элчихонаси бу ҳусийчиларнинг янги ҳужуми билан боғлиқ эканлигини билдирди. 

Ҳусийчилар охирги марта 8 октябр куни Ар-Риёд аэропортига зарба берганди. Мазкур ҳужум оқибатида уч киши ҳалок бўлган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ушбу мамлакатда бўлиб турган ёки у ерга сафар қилишни режалаштираётган фуқароларга мурожаат қилиб, минтақадаги кескинлик сабаб авиарейслар жадвали, парвоз йўналишлари ва транзит қоидалари ўзгариши мумкинлигини эслатганди.