Мадрид суди "Барселона" жамоасининг бразилиялик футболчиси Неймарнинг онасига ҳам ўғлининг 2013 йилда "Сантос"дан Каталонияга келишида юз бергани гумон қилинаётган порахўрлик жинояти бўйича айблов қўймоқчи. Бу ҳақда Маrса нашри суддаги манбасига асосланиб, хабар тарқатган.

Футболчининг онаси Надин Гонсалвеш да Силва Сантос молиявий фирибгарлик ва порахўрликда айбланиши мумкин.

Охирги пайтларда Неймарнинг трансфери билан боғлиқ шов-шувли гаплар тинмаяти. Унинг “Сантос”дан “Барселона”га ўтишини ФИФА ҳам ўрганиб чиқишга қарор қилди. Бунгача прокуратура молиявий келишув борасида аниқ хулосага кела олмаётганди. Айни пайтда томонлар трансфер суммасининг маълум қисмини яширишда айбланмоқда.

Бир неча кун аввал “Сантос” футболчини 6 ойга дисквалификация қилиш ва маълум миқдорда унинг жарима тўлаши лозимлигини таъкидлаганди. Аниқроғи, “Сантос” президенти Модесто Рома шундай баёнот билан чиққанди. У анча олдин клуб ФИФАга бу борада мурожаат қилганини айтиб ўтганди.

“Май ойида тегишли айблов юзасидан далилларни берганман. Неймар футбол кумири ҳисобланса-да, уни масъулиятли бўлишга чақирамиз. Биз қўшилмайдиган баъзи жиҳатлар бор. Унинг “Барселона”га ўтиши шаффоф бўлмаган. Буни Испания ва Бразилия прокуратураси ходимларига исботлаб берганмиз. Ушбу масала бўйича ҳолатни ФИФА ҳал қилишини тушунамиз”, - деб айтган Рома.

Бироқ кейинчалик “Сантос” ҳеч қандай ариза юбормаганини таъкидлаган. Клуб ҳуқуқини ҳимоя қилиб, молиявий йўқотиш учун компенсация олиш мақсадида экани тўғрисида баёнот берган.

Эслатиб ўтамиз, Неймарнинг “Барселона”га ўтиши 57,1 миллион еврога тушган. Шундан 17,1 миллион “Сантос”га, 40 миллион эса Неймарнинг ота-онаси компаниясига келиб тушган. Испан прокуратураси аниқлашича, каталонияликларнинг собиқ раҳбари Сандро Росел берган маълумотда трансфер нархи 94,8 миллион еврони ташкил этгани кўрсатилган. Росел солиқ бўйича фирибгарликда айбланган. Шунингдек, ҳозирги президент Хосеп Мария Бартомеу ҳам иш бошидаёқ трансфернинг юқори қийматидан хабардор бўлгани айтилган.

Бу иш нима билан якунланиши маълум эмас. ФИФА барчасини ўрганиб чиққандан кейин вазиятга ойдинлик киритилади. Шу ўринда бразилиялик ҳужумчи трансфери тааллуқли бўлган 8 суд иши ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Асосий шахслар
“Сантос” Неймарнинг 55 фоизига эгалик қилган. Кейин 2009 йилнинг февралида унинг 40 фоизини “DIS Esporte” ва 2010 йилнинг ноябрида 5 фоизини “Teisa” хусусий компанияларига сотиб юборган.

Бу ишда бошқа асосий шахслар – “Барселона”, Неймарлар оиласи ва Жорди Касес (каталон клуби сосьоси). Жордининг эътирози бу ишга туртки берган. Сандро Росел Неймарнинг трансфери даврида “Барселона” президенти бўлган. Хосеп Бартомеу унга ёрдамчилик қилган. Ҳозирги кунда Бартомеу – президент, Хавьер Фаус – унинг ўринбосари. Карл-Хайнц Румменигге – “Бавария” бошлиғи.