Бироқ, унинг сўзларига кўра, Украинадаги вазиятни тартибга солиш жараёнида ҳали кўп ишлар қилиниши керак.

«Олдинда ҳали муҳим ишлар турган бўлса-да, президент Трамп аввалгидек ушбу урушга барҳам бериш ҳамда келажак авлодлар учун хавфсизлик ва фаровонликни таъминлашга хизмат қиладиган кенг қамровли, барқарор тинчликка эришиш борасида қатъий», — деди Стив Уиткофф.

20 октябрь куни Ослода АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф, Украина президенти Володимир Зеленский, Финляндия президенти Александр Стубб ва Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёре ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Шундан сўнг, Уиткофф Владимир Путин билан учрашиш учун Санкт-Петербургга, у ердан эса яна Норвегияга йўл олди ва Россия президенти билан кечган уч соатлик музокаралар якунлари ҳақида сўзлаб берди.

Кремль музокараларни самарали деб атади ва ноябрь ойи бошида Абу-Дабида Украина бўйича экспертлар даражасидаги уч томонлама маслаҳатлашувларнинг навбатдаги босқичи ўтказилиши мумкинлигини маълум қилди. Охирги марта бундай учрашувлар февраль ойида бўлиб ўтган эди.

Учрашувнинг амалий мазмуни тайёр келишувни эълон қилишдан эмас, балки Россия томонига низони тартибга солиш ёндашувлари акс этган ҳужжатларни топшириш ҳамда Россия, АҚШ ва Украина ўртасидаги уч томонлама маслаҳатлашувларни қайта тиклаш эҳтимолини муҳокама қилишдан иборат эди. Хабар қилинганидек, уларнинг навбатдаги босқичи Абу-Дабида экспертлар даражасида ўтказилиши ва техник масалаларга бағишланиши мумкин.

2026 йилнинг январь ойида бундай формат хавфсизлик, сиёсат ва иқтисодиёт масалаларини бир вақтнинг ўзида муҳокама қилиш имконини берган, Америка вакилларининг иштироки эса музокаралар барбод бўлиши хавфини камайтириши керак эди. Шу билан бирга, Абу-Дабидаги ишчи гуруҳлар вазиятни тартибга солишнинг асосий сиёсий жиҳатларини четлаб ўтган; ўшанда ҳудудий масала бўйича силжиш кузатилмаган ва Украина қўшинларини Донбассдан олиб чиқиш масаласи кўриб чиқилмаган эди.

Техник маслаҳатлашувлардан келишувларга ўтиш йўлидаги асосий тўсиқ — томонлар позицияларининг бир-бирига мос келмаслигидир. Москва қатъий талабларни сақлаб қолмоқда, Киев эса бу талабларни кескин рад этмоқда.