Мактаблардан бошланганди

Барчаси Париж чеккасидаги мактаблардан бошланди. Ўқувчилар мактабларда шароит яхши эмаслиги, синфхоналар ҳаддан ташқари тўлалиги, бинолар эскиргани, ўқитувчилар етишмаслигидан норози бўлиб кўчаларга чиқди. Кейин бу намойишларга талабалар қўшилди.

Францияда шунақа, намойишлар жуда тез тарқалади. Норозилик акцияларининг асосий қисми тинч ўтади, одамлар ижтимоий муаммолар бўйича ўз эътирозларини ҳукуматга баннер кўтариб билдиради. Лекин радикал гуруҳлар учун намойишлар тартибсизлик келтириб чиқариш, товламачилик қилиш учун қулай фурсат. Бу гал ҳам шундай бўлди, мактаб болаларининг эътирози билан бошланган норозиликларда нияти бузуқ гуруҳлар «эстафетани илиб кетиб», тинч намойишни бузғунчиликка айлантириб юборди.

Ижтимоий муаммо

Демократик жамиятларда инсонлар ҳукуматга эътирозини тинч намойиш кўринишида билдириши оддий қабул қилинади. Келинг, ана шу ҳеч кимнинг машинасини ёқмайдиган, ҳеч кимнинг дўконини тунамайдиган, ҳақиқий намойишчилар эътирозлари нимада эканини кўриб чиқамиз. Асосий норозилик нарх-наво издан чиққани билан боғлиқ, ҳукумат ҳам шундай версияни илгари сурди. Парижликлар уй-жой нархи, ижара нархи одамлар даромадига нисбатан ҳаддан ташқари баланд эканидан норози бўлишяпти. Муаммо айниқса Парижда яққол сезилади: бу шаҳарда оддий уй ижараси ойига 2 минг евро атрофида, лекин сизга ойига шунча пул тўлайдиган иш топиш осон эмас.

Шу ерда ижара нархи нега одамлар даромадидан келиб чиқиб белгиланмайди, деган савол пайдо бўлади. Бу энди бозир иқтисодиёти билан боғлиқ муаммо. Париж сайёҳлар оқиб борадиган манзил. Дунёнинг тўрт томонидан келган бой одамлар бу шаҳарда уй сотиб олиб, ижарага беради ва пул ишлайди. Бой инвесторлар кўчмас мулкка пул тикиши табиийки, нархни оширади.

Оқибатда Париждаги кўплаб уйлар пули кўп сайёҳлар учун чўнтакбоп, оддий ойликка ишлайдиган француз учун маошининг катта қисмини ўпириб юборадиган ҳашаматга айланди. Намойишчилар бундан норози, улар Франция аввало французлар учун бўлиши, ҳукумат маҳаллий одамларга ёрдам бериши керак, деб ҳисобламоқда.

Бу муаммо Европанинг кўплаб ривожланган давлатларида учрайди. Осиёлик бойлар Европада кўчмас мул сотиб олиб пул ишлашни одат қилган, чунки билади, европаликлар алдамайди, қонун ишлайди, ҳеч ким мулкини тортиб олмайди. Олмонияда ҳукмрон партия ҳудудий сайловларда ютқаза бошлаганининг сабабларидан бири ҳам мана шу.

Хўш, муаммолар локал экан, нега унда намойишга чиққан муҳожир ёшларга урғу берилмоқда? Чунки намойишларда чиндан ана шу муҳожирлар фарзандлари фаол бўлди. Оддий французлар ижтимоий муаммони ҳукуматга етказиш учун кўчага чиққанди, лекин бояги ёшлар дўконларга бостириб кирди.