Жамият | 15:31 / 23.03.2016
4991
2 дақиқада ўқилади

Шудгордаги текин қуйруқ даҳмазаси ёки Ўзбекистондаги “гиря талвасаси”

Кунлардан бир кун ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари орасида ҳақиқий “ваҳима” бошланди. Нима эмиш, совет даврида чиқарилган “гиря”лар бир неча юз ва ҳатто минг АҚШ долларигача бўлган нархда сотиб олишга тайёр харидорлар бор эмиш.

Буни қарангки, ана шу полвонтошларга Chevrolet Captiva ва iPhone смартфонларини ҳам алмаштиришга тайёрлар топилди. Аммо одамларимиз орасида ҳам анойилар йўқ эмас. Ижтимоий тармоқларда гиря харидорлари аслида фирибгарлар экани ҳақидаги хабарлар, тарғибот материаллари (инфографикалар) пайдо бўлди. Шундай инфографикаларнинг энг оммалашган бирида, жумладан, шундай дейилади:

“Фирибгарлар интернет орқали: “500 долларга гиря сотиб оламан”, деб эълон беради. Қисқа вақт ичида гиря нархи бир неча баробар ўсади. Одамлар васвасага тушиб, “тош” қидиришга тушади. Охирида айнан фирибгарлар қиммат нархда “тошлар”ни сотишга киришади ва ўйиндан чиқиб, мамлакатни тарк этади (ёки қочади)”.

Ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида тарқалган “гиря талвасаси”га қарши тарғибот материалларида фирибгарлар бунгача совет тангалари, ўша даврда ишлаб чиқарилган “ЗиЛ” музлатгичлари, “Зингер” тикув машиналари билан ҳам шундай васваса уйғотишга ҳаракат қилгани ҳақида ёзилган. Хабарларга кўра, Қозоғистондаги шундай васваса вақтида битта полвонтош учун квартира беришга тайёрлар ҳам топилган.

Нима бўлган тақдирда ҳам қадимгилар айтиб кетган бир гапни унутмаслик керак: “Бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ на қилур?”.