Ким ўз юртини севмаса, у ҳеч нимани сева олмайди.

(Жорж БАЙРОН, инглиз шоири)

Анчадан бери Ватан ҳақида ёзишга уринаман. Бироқ, ҳеч нарса чиқмаётганга ўхшайди. Қораламаларим қоралама ҳолида қолиб кетаверади. Ўйласам, Ватан ҳақида ёзиш жуда қийин экан. Негаки, Ватан бизга Аллоҳ томонидан берилган энг буюк неъмат бўлиб, у ҳақда ҳар қанча ёзсанг ҳам яна қайсидир жиҳатлари қолиб кетаётгандай, гўё мисралар ожиз, рангсиз, ғарибдай туюлавераркан. Ватан ҳақида айтмоқчи бўлганларинг эса, беҳисоб. Шунчалар кўпки, ҳисобдан адашиб кетасан киши...

Халқимиз одатда Ватан сўзига Она сўзини қўшиб талаффуз қилади: Она ватан. Бу Ватаннинг онадай азиз, меҳрибон, жонкуярлигига ишора бўлса керак-да. Ахир инсон учун онадан азизроқ киши борми? Жисму жон ато қилиб, яна бошимизда тунларни бедор ўтказган зотдан, а? Ўзига бори заҳматларни олиб, роҳатни фарзандига илинганини таърифлашга ҳар қанча "меҳрибон" деган сўз камлик қилмайдими? Ўзга жон учун, унинг бахти, камоли, эртанги куни деб керак бўлса, ўз жонидан ҳам кечадиган яна ким бор оламда?! Аслида эса, мана шу туйғу, тасаввур, ришта, шунча меҳрнинг ҳаммаси Ватаннинг бир парчаси, бир бўлаги холос.

Туманимиз қишлоқларидан бирида яшовчи бир йигит билан гаплашиб қолдим-у Она билан Ватаннинг яна бир умумий жиҳатини кашф этдим ўзимга. Бу – уларнинг ҳар иккисига хос бўлган кечиримлилик фазилати эди.

Йигит яқиндагина жазони ижро этиш жойидан қайтган экан. Конституцион тузумга қарши чиқишдек оғир жиноятни содир этганига қарамай, кечирилибди.

– Мустақилликнинг илк йиллари эди, – деб сўз бошлади у. –Ҳали онги тўлиқ шаклланиб улгурмаган ўспирин боламан. Маҳалламиздаги бир оиланинг диндор, намозхонлигига жуда ҳавас қилардим. Кейин мен ҳам шуларга ўхшашни истаб қолдим. Устоз ҳам тез орада топилди. Мен диний таълим олишни, хат-савод чиқаришни бошладим. Бироқ, йиллар ўтиб тушундимки, исломий таълим, деб берилаётган ўша билимлар мени диндан узоқлаштириш, онгимни заҳарлаб манқуртга айлантириш, мендан ўз Ватанимга қарши қурол ясашга қаратилган экан.

Ҳа, йигит ҳақ эди. Мустақиллик туфайли юртимизда динга бўлган муносабат ўзгариб, пок Исломий қадриятлар тикланди. Одамларимиз эмин-эркин намоз ўқиб, рўза тутадиган, истаса, Ҳаж зиёратига бемалол борадиган бўлишди.

У яна бир нарсани тўғри англаб етибди: Ватанимиз озод бўлиб, ўз тақдирини ўзи белгилайдиган кунларга етишгани, энди порлоқ келажак яқинлигини кўра олмайдиган кучлар ҳали тажрибасиз, ғўр ёшлар, билимсиз кишиларни йўлдан уриш ҳаракатига тушиб қолгандилар.