Жаҳон | 07:19 / 04.05.2016
3491
2 дақиқада ўқилади

Тед Круз АҚШ президентлиги пойгасини тарк этишини эълон қилди

АҚШ президенти лавозимига номзод, Техас штатидан сенатор Тед Круз президентлик курсиси учун кейинги курашдан бош тортди ҳамда ғалаба қилишга кўзи етмаётганини айтди. Сенатор Индианадаги праймеризда партия бўйича рақиби миллиардер Дональд Трампдан мағлуб бўлгандан кейин шундай хулосага келди.

"Катта афсус, бироқ мамлакатимиз келажаги борасида чексиз умид билан мен президентлик кампаниямни якунлашимни айтишим керак", деб айтди Круз ўз сафдошларига Индианаполисда. Круз республикачилар орасидаги жорий вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўзи учун "ғалаба қилишга имкониятни кўрмаётганини" айтди.

Сенатор унинг штаби Индианада ғолибликни қўлга киритиш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширганини, бироқ "сайловчилар бошқа йўл билан кетишганини" таъкидлаб ўтди.

Дастлабки натижаларга кўра, Круз праймеризда 36 фоиз овоз йиғди. Унинг рақиби Дональд Трамп эса 50 фоиздан кўпроқ овоз йиғиб, ғолиб бўлишга муваффақ бўлди.

Индианадаги овоз беришда Трампнинг рақиблари унга қарши янги стратегияни қўлламоқчи бўлишганди. Бунинг учун Круз штатдаги сайловлар олдидан ташвиқотга жиддий ёндашиши, Огайо губернатори Жон Кейсик эса 17 май ва 7 июнда Орегон ва Нью-Мексико штатларида ўтадиган праймеризлар олдидан сайловчиларни катта куч билан жалб қилиши керак эди. Энди маълум бўлишича, уларнинг бу стратегияси натижа бермади ва Кейсик Оқ уй учун курашда республикачилар орасидан Трампнинг ягона рақиби бўлиб қолди.

Индианадаги праймериз якунларига кўра, 18-21 июлда Кливлендда бўлиб ўтадиган республикачилар қурултойининг 57 делегати овози тақсимланиши керак эди. Бу қурултойда ноябрда президентлик сайловларида партия номидан ким иштирок этиши маълум бўлади.

Президентлик пойгасининг якуний босқичида иштирок этиш учун республикачилардан номзод 1237 делегатнинг овозини тўплаши керак. The New York Times нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, Трамп Индианадаги праймеризгача 997 овоз, Круз 566 овоз, Кейсик эса 153 овозга эга эди.