РФ қуролли кучлари 7 октябрга ўтар кечаси ва тонгда ракета ва дронлар билан ёпирилма ҳужум амалга ошириб, Украинанинг бир неча области бўйлаб зарба берди. Украина қуролли кучлари ҳисоботига кўра, тун мобайнида бешта баллистик ракета, 39 та қанотли ракета, шунингдек 117 та дрон (шундан 38 таси реактив қурилмалар бўлган) уриб туширилган.
Черниҳив областининг Прилуки шаҳрида қанотли ракета келиб урилиши оқибатида беш қаватли турар жой биносининг иккита подъезди вайрон бўлган. Расмийларга кўра, бу зарба оқибатида 14 киши ҳалок бўлган, қурбонлар орасида тўрт нафар бола ҳам бор. 50 киши, жумладан, етти нафар бола жароҳат олган.

Прилукига ҳужум вақтида бошқа уйлар, болалар ва ўсмирлар ижод маркази, саноат корхоналари ҳамда хусусий автомобиллар ҳам шикастланган.
Киевда ҳам тунда баллистик ракеталарнинг бир неча тўлқини кузатилган. Шаҳарнинг тўртта районида зарбалар қайд этилган, икки киши ҳалок бўлган.
Шунингдек, Полтава областидаги Кременчуг шаҳрида ҳам икки киши ҳалок бўлган. Маҳаллий расмийларга кўра, бу ерда ҳам турар жой биноси зарбага учраган.
«Россия армияси бугун Путинга туғилган кунида Черниҳив области Прилуки шаҳридаги кўп қаватли уй биноси вайрон қилинишини „совға“ қилди», – дея зарба юзасидан муносабат билдирган Украина президенти Володимир Зеленский. Владимир Путин 7 октябр куни 74 ёшга тўлди.
Зеленский кенг кўламли зарбанинг асосий нишони энергетика инфратузилмаси бўлганини таъкидлаб, россияликлар «оғриқли ва намойишкорона зарба беришни хоҳлагани»ни қўшимча қилди.

Россия мудофаа вазирлиги ўз маълумотида ҳарбий объектлар, хусусан, Киевдаги дрон йиғиш цехи ва «Фламинго» ракеталарини йиғиш корхонаси, Одесса областидаги экипажсиз катерлар ишлаб чиқариш заводи, Кировоград областидаги дронлар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш цехи ва бошқа шунга ўхшаш корхоналарни зарба нишонлари деб атаган. Ҳарбий идора энергетика инфратузилмасига берилган зарбалар ҳақида тўхталмаган.




















