6 октябрь куни кундузги соатларда Тошкент шаҳрининг катта қисмида ҳаво сифати халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича «ўртача» даражада бўлди. Соат 20:00 дан кейин эса ҳаво сифати ёмонлашиб, кечаси ва эрталаб «сезгир гуруҳлар учун ноқулай» даража кенгроқ ҳудудларни қамраб олди. Айрим ҳудудларда қисқа муддатли «носоғлом» даража ҳам кузатилди. Бу ҳақда Экология қўмитаси хабар берди.

Қайд қилинишича, 6 октябрь соат 17:00 дан 7 октябрь соат 10:00 гача бўлган кузатувларга кўра, Тошкентда PM2,5 майда заррачаларининг ўртача миқдори 43,5 мкг/м³, PM10 заррачаларининг ўртача миқдори 97,2 мкг/м³ ни ташкил этган.

Ушбу даврда AQI бўйича шаҳарнинг ўртача кўрсаткичи 117 бўлиб, «сезгир гуруҳлар учун ноқулай» даражага мос келган.

Миллий индексация бўйича эса PM2,5 «яшил», PM10 «сариқ» даражада қайд этилган. 7 октябрь соат 10:00 да PM10 бўйича шаҳарнинг ўртача кўрсаткичи «зарғалдоқ» даражага кўтарилган.

Ҳаво сифатининг ёмонлашишига ифлослантирувчи моддалар тарқалиб кетишини чеклаган ноқулай метеорологик шароитлар таъсир қилган. Хусусан, шамол тезлиги 1 м/с атрофида бўлгани ва тунда кучли ҳарорат инверсияси кузатилгани ҳавонинг алмашинуви ҳамда вертикал аралашишини сусайтирган.

Кузатувларга кўра, 6 октябрь соат 23:00 дан 7 октябрь соат 8:00 гача ҳарорат инверсияси қайд этилган. Инверсия қатламидаги ҳарорат фарқи 1,8–6,7 °C ни ташкил этган.

Бундай шароитда ерга яқин совуқ ҳаво устида нисбатан илиқ ҳаво қатлами ҳосил бўлиб, ифлослантирувчи моддаларнинг юқорига тарқалиши чекланади.

Мутахассислар бундай ҳолатлар ҳафта охиригача асосан тунги ва эрталабки вақтларда қисқа муддатли кузатилиши мумкинлигини билдирмоқда.

Ҳозир атмосфера ҳавоси сифати Махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилинмоқда.

Маълумот учун: Ўзбекистонда PM2,5 ва PM10 заррачалари бўйича ҳаво сифатини баҳолашнинг миллий индексация тизими ишлаб чиқилган. У Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг қўшма қарори асосида жорий этилган.