Танзаниянинг Аруша шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 153-ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Унда 180 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингга яқин парламент спикерлари, депутатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси ҳам тадбирда фаол иштирок этмоқда.

Ассамблеянинг асосий мавзуси — инклюзивлик, ишонч ва барча учун тенг имкониятлар асосида самарали бошқарувни ривожлантириш. Йиғилишларда инсон ҳуқуқлари, сунъий интеллект, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ва терроризмга қарши кураш каби масалалар муҳокама қилинмоқда.

Ассамблея доирасида Парламент аёл аъзолари форуми ҳам ўтказилди. Форумда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг имкониятларини кенгайтиришга қаратилган резолюция лойиҳаси муҳокама қилинди.

Танзила Норбоева Ўзбекистоннинг ногиронлиги бўлган аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни зўравонликдан асраш, таълим ва меҳнат учун тенг шароит яратиш бўйича тажрибасини тақдим этди.

Ўзбекистон томони резолюция лойиҳасига бир қатор таклифларни ҳам билдирди. Жумладан, қонун лойиҳаларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари нуқтаи назаридан мажбурий экспертизадан ўтказиш, ногиронлиги бўлган аёллар ва қизлар дуч келаётган муаммоларни алоҳида баҳолаш ҳамда қарорлар қабул қилишда уларнинг ўзини жалб этиш таклиф қилинди.

Шунингдек, қабул қилинган қонунларнинг ижросини парламент томонидан мунтазам назорат қилиш ва бу жараёнга ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотларни кенгроқ жалб этиш зарурлиги қайд этилди. Ўзбекистон делегацияси таклифлари резолюцияни кейинги муҳокама қилишда инобатга олиниши кутилмоқда.

Ассамблеянинг умумий дебатларида давлат институтларига ишончни ошириш, фуқароларнинг қарорлар қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш ва парламентларнинг аҳоли ҳаётидаги амалий ролини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.