Жамият | 16:35 / 12.05.2016
13426
1 дақиқада ўқилади

Топинамбур ўсимлигини Қорақалпоғистон шароитида етиштириш йўлга қўйилди

11 май куни Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ»да бошланган IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида қарийб 650та янги лойиҳа тақдим этилмоқда.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети вакиллари ярмаркада топинамбур етиштириш ва унинг концентратидан кукун тайёрлаш технологиясини намойиш этган.

Университетнинг биология кафедраси доценти Маҳмуда Назарованинг сўзларига кўра, топинамбур кўплаб фойдали хусусиятларга эга. Шу боис бу ўсимликни Қорақалпоғистон  шароитида етиштириш йўлга қўйилди. Ундан тайёрланадиган кукун юрак қон-томир касалликларидан азият чекаётган, қандли диабет билан оғриган беморлар учун фойдали ҳисобланади.

Ярмаркада бу маҳсулотни саноат асосида ишлаб чиқариш учун ҳамкор топиш режалаштирилган.

Маълумот учун, топинамбур (ёки илдизмевали кунгабоқар) ўсимлигининг ватани Шимолий Америка бўлиб, у ерда ўсимликнинг ёввойи турлари кўп учрайди. Ўсимликни, шунингдек, “ер ноки” деб ҳам аташади.