Миллатлар лигаси гуруҳ босқичида 4-тур учрашувлари якунланди.

А лигаси, 3-гуруҳ

Меринода дубл

Хорватия – Испания 1:2
Голлар: Перишич, 17 (1:0). Мерино, 61 (1:1). Мерино, 88 (1:2)
Хорватия: Ливакович, Шутало, Вушкович, Гвардиол, Станишич, Ковачич, Модрич (Сучич, 66), Якич, Перишич, Влашич (Батурина, 71), Матанович (Беле, 66)
Испания: Симон, Ляпорт, Кубарси, Кукуреля, Пубил, Родри (Фермин Лопес, 71), Педри (Пино, 87), Олмо (Субименди, 71), Баэна (Мерино, 46), Ямал (Муниос, 78), Ойярсабал
Огоҳлантиришлар: Перишич, 22. Модрич, 65 – Родри, 66. Муниос, 90
Четлатиш: Перишич, 80 (иккинчи сариқ)

Испания сафарда Хорватияни таслим этди. Лекин шу куни испанлар ўйиннинг 60-дақиқасигача ҳисобда ортда эди ва фақат захира имкониятлари ишга солиниши эвазига ғалаба қозонди.

Ўтган турда Англияга йирик ҳисобда ютқазган хорватлар ўйинни фаол бошлади ва 17-дақиқадаёқ қарши ҳужумда ҳисобни очди: Унаи Симон Игор Матановичнинг зарбасини қайтарганди, аммо кексаликни тан олмаётган Иван Перишич қайтган тўпни бош билан бўш дарвозага йўллаб қўйди. Бир неча дақиқа ўтиб мезбонлар иккинчи голни ҳам уриши мумкин эди: испанлар жарима майдони ичида тўп йўқотишди, аммо Матанович дарвозабон ҳудудида туриб гол уролмади – бу вазиятда Симон жамоа жонига ора кирди.

Хорватия биринчи бўлимни аъло даражада ўтказди ва шу куни испанларнинг мағлубиятсиз сериясига барҳам берилиши мумкин эди, аммо Луис де ла Фуэнте танаффусдан кейин ўз халоскори Микел Меринони майдонга ташлади.

Испания иккинчи бўлим бошларида бир неча хавфли вазиятдан фойдалана олмади, 60-дақиқада эса барибир ўз мақсадига эришди. Дани Олмо рақиб ҳимоячисидан қайтган тўпни ўзига бўйсундириб, уни Меринога узатди, ўтган мавсумда «Арсенал»да мажбуран марказий ҳужумчига айлантирилган футболчи эса олис бурчакни аниқ нишонга олди.

Шу куни ўйин қаҳрамони бўлиши мумкин бўлган Перишич эса антиқаҳрамонга айланди: у аввалига қулай вазиятни йўққа чиқарди, 79-дақиқада эса майдон марказида Марк Кукуреляга кераксиз фол ишлатиб, иккинчи сариқ карточкани олди ва жамоадошларини қийин аҳволда қолдирди. Хорватлар қолган вақт давомида ҳимояга ётишди, аммо 88-дақиқада барибир тўп ўтказиб юборишди. Яна Мерино катта саҳнага чиқиб, жарима майдони ичида дарвозага орқа турган ҳолда тўпни қабул қилиб олиб, кейинги ҳаракатида дарвозага михлади. Қизил фурия мағлубиятсиз сериясини 42 ўйинга етказди ва муддатидан олдин Миллатлар лигаси плей-офф йўлланмасини нақд қилди.