Жаҳон | 12:12 / 19.05.2016
9322
2 дақиқада ўқилади

Греция ҳукумати Ўрта Ер денгизи аҳолисининг осмонда "оловли шар" кўргани ҳақидаги маълумотни текширмоқда

Ўрта Ер денгизи ҳудудидалигида радарлардан йўқолиб қолган Мисрнинг EgyptAir авиакомпаниясига тегишли Airbus A320 русумли йўловчи самолётини қидириш ишларига қўшилган Греция ҳукумати айни вақтда ҳудудда жойлашган ороллар аҳолиси самолёт бедарак йўқолиши билан бир вақтда осмонда "оловли шар" кўришгани ҳақидаги хабарларни текширмоқда. Бу ҳақда Airlive хабар тарқатган.

Бундан олдинги хабарларда Миср ҳарбийлари маҳаллий вақт билан соат 4:26да (Тошкент вақти билан соат 7:26) йўқолган лайнер ҳалокат сигнали юборгани ҳақида маълум қилишгани айтилганди.

Франция ва Миср бу самолётнинг қидирилиши бўйича ҳамкорлик қилишга келишган.

Самолёт «Шарл-де-Голль» аэропортидан Париж вақти билан 23:09 да (Тошкент вақти билан 2:09) парвоз қилган ва Қоҳирага маҳаллий вақт бўйича 3:05 (Тошкент вақти билан 06:05) да етиб келиши керак эди. У Қоҳира вақти бўйича 3:45 да радарлардан ғойиб бўлган.

Охирги маълумотларга қараганда, MS804 рейси бортида 56 нафар йўловчи (улардан уч нафари бола) ва ўн нафар экипаж аъзоси бўлган. Улар  Миср, Франция, Буюк Британия, Ироқ ва Саудия Арабистони фуқаролари бўлган. Уларнинг тақдири ҳозирча номаълум.

Ҳаво кемасининг ғойиб бўлганлиги ҳақида сигнал олиниши билан EgyptAir вазиятни кузатиб бориш учун фавқулодда тезкор штабни ташкил этди. Унинг таркибига барча авиация хизматларининг вакиллари киритилди. Миср ва Греция ҳарбий учувчилари самолётни қидириш билан шуғулланмоқда.

Авиакомпания Twitter’даги саҳифасида йўқолиб қолган А-320 2003 йилда ишлаб чиқарилганлигини маълум қилди. Уни тажрибали экипаж бошқараётган эди, экипаж командири 6 275 соат, унинг ёрдамчиси 2 766 соат парвозни амалга оширган.

Самолёт радарлардан йўқолишидан олдин 11 км баландликда бўлган.