Яқинлашиб келаётган ёзнинг биринчи ойида футбол ишқибозлари интизорлик билан кутаётган футбол бўйича Европа чемпионатининг финал босқичига старт берилади. Айтиб ўтиш жоизки, кўҳна қитъа чемпионати нуфузи жиҳатидан миллионлар ўйини мухлислари орасида мундиалдан кейинги ўринда туради.
Франциянинг 10та шаҳридаги стадионларда 24та жамоа ўртасида ўтказиладиган турнир шу йилнинг 10 июнида бошланиб, бир ой давом этади ва 10 июль куни якунига етади.
Турнир мезбони қандай аниқланди
Ташкилий қўмитага турнирни ўз ҳудудида ўтказишни ҳоҳлаган 9та давлат ариза ташлаган бўлиб, улардан Норвегия, Швеция, Шотландия, Уэльс, Ирландия ва Россия турли сабабларга кўра ўз аризаларини қайтариб олган. Шундай қилиб, УЕФА ижроия қўмитасининг 13 аъзоси иштирок этадиган сўнгги овоз бериш босқичларида Франция, Туркия ва Италия давлатлари қатнашди. Танловнинг якуний қарорига кўра ўз рақибларидан кўп овоз олган Франция Евро-2016 мезбонига айланди.
Саралаш босқичи
Квалификацион босқичга қуръа ташлаш маросими 2014 йилнинг 23 февралида Ницца шаҳрида бўлиб ўтди. УЕФА ташкилоти ушбу босқич олдидан бир нечта қарорлар қабул қилди. Аввалги Евро – 2008 саралашида бир-бирига қарши ўйнашдан бош тортган Арманистон ва Озарбайжон термалари сиёсий сабаблар туфайли Евро-2016 квалификация мусобақасида ҳам бир гуруҳга қўйилмади. Испания ва Гибралтар термалари билан ҳам шундай ҳолат юз берган.
Саралаш мусобақалари тизимига кўра 6 жамоадан иборат 8 гуруҳ ва 5 термадан ташкил топган битта гуруҳ финал йўлланмасини киритиш учун кураш олиб бордилар. Ўз гуруҳида ғолиб бўлган ва иккинчи ўринни қўлга киритган термалар Европа чемпионатига тўридан-тўғри йўл олган бўлса, учинчи ўринни энг яхши кўрсаткичлар билан эгаллаган бир жамоа ҳам финал иштирокчисига айланди. Қолган 8 гуруҳдаги учинчи ўрин соҳиблари ўзаро тўқнашишга мажбур бўлди.
Саралаш босқичида иштирок этган 54 жамоадан 23таси финал босқичига йўлланма олиб, турнир мезбони Франция билан биргаликда нуфузли турнирда ғолиблик учун курашиш имкониятини қўлга киритди.
Футбол баҳслари ўтказиладиган шаҳар ва стадионлар
Евро-2016 ўйинларини қабул қилувчи шаҳарлар орасида бундан олдинги йилларда ҳам Европа чемпионати ва жаҳон биринчилигини ўтказганлари ҳам бор.
Cен-Дени шаҳридаги “Стад де Франс” стадиони – 81,338 томошабин учун мўлжалланган;
Марсель шаҳридаги “Велодром” стадиони – 67,000 томошабин учун мўлжалланган;




















