Жонажон диёримизда Саодат асридан буён мусулмонлар алоҳида аҳамият билан кутиб оладиган, муқаддас динимиз арконларидан бири адо этиладиган муқаддас Рамазон ойи кириб келди. Халқимиз бу муборак ойда хайрли амалларни кўпайтиришга, мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик, ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга интилади. Доруломон юртда тинчлик хотиржамликда рўза тутиш бахтига мушарраф қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!
Истиқлол йилларида миллий-диний қадриятларимиз тикланиб, Рамазон, Қурбон ҳайитларини нишонлаш, фазилатли кунлар шарофатидан баҳраманд бўлишга кенг йўл очилди. Халқимизнинг асрий орзулари рўёбга чиқиб, муборак Ҳаж ва Умра зиёратларига бориш имконияти яратилди. Диний маросимларимиз ва миллий урф-одатларимизни эмин-эркин адо этиш бахтига мушарраф бўлганимиз ва бошқа кўплаб хайрли ишлар амалга оширилдики, бунинг учун ҳар қанча шукроналар айтсак арзийди.
Кўп қаватли турар-жой биносида истиқомат қиламиз. Бир неча йил аввал, Рамазон ойининг учинчи куни бўлса керак, эрталабки соат учлар эди, саҳарлик қилаётган эдик, тўғридаги уйлардан бирининг хонадонида қий-чув кўтарилди. Бирор кор-ҳол юз берган бўлса керак, деб эътибор қаратмадим. Кечқурун ишдан келсам, вазият ойдинлашди. Келин ухлаб қолган бўлса керак, ўз вақтида қайнота ва қайнонасига саҳарлик тайёрлай олмабди. Шунга қайнона бутун маҳаллани бошига кўтарибди. Тавба, ахир оғиз ёпилишига 20 дақиқа қолган, бу вақт ичида кечаги овқатни танавул қилиб бўлсада саҳарлик қилишга улгуруш мумкин бўлса, шовқин кўтаришга арзирмикан? Унда қайнонанинг тутаётган рўзаси қаерда қолди. Ахир рўза тутиш дегани саҳарлик ва ифторликда еб-ичиш дегани эмас-ку?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муборак ой ҳақида “У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир. У кўнгил овлаш ойидир. У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир”, деганлар.
Рўза бандани дунёда гуноҳлардан тўсиб турадиган қўрғон бўлса, охиратда дўзахдан тўсиб турадиган қўрғон бўлади. Агар ейиш ичишни тарк қилса-гу бошқа ҳаром ишларни тарк қилмасак қилаётган амалларимиз қабул этилмаслигига ва жазоланишмизга лойиқ бўлиб қоламиз.
Ишга маршрут таксида келаман. Йўловчиларнинг аксарияти аёллар. Улар ҳамма нарсани билишади. Ҳар куни нафақат уларнинг уйида, маҳалласида, балки шаҳримизда ва дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан айнан шу маршрут таксида бохабар бўламан. Бир куни аёллардан бири қуда чақириққа (келинни отасиникигами ёки куёвни уйигами, билолмай қолдим) борганини оғиз кўпиртириб мақтай бошлади. Ифторликда оғизларни қаймоқ билан очишибди, ундан кейин европача ва миллий салатлар тортилибди. Сўнг сомсалар (авваллари битта сомса тортилса, энди иккита - ўзбекча ва туркча сомса) берилибди. Суюқ-қуюқ овқатлар орасида норин ва кабоб тановул қилинибди. Ўзбеклар одатига кўра, ошдан кейин фотиҳа қилиниб, кетишга рухсат берилиши керак эди. Аммо қудалар замонавий экан, шу сабаб ошдан кейин десерт сифатида музқаймоқ тарқатилибди. Энг қизиғи, дастурхонда овқат ҳазм қилувчи “Мезим” борлиги меҳмонларнинг дардига дармон бўлибди. Во ажабо, тўйдан кейин “келин салом”га қолган хотин-халажга “Мезим” берилгани ҳақида қулоққа чалингандек бўлган эди, энди ифторликда ҳам бу дори дастурхон кўркига айланибди-да. Яшавор ўзбек, дегинг келади. Ахир бу манманлик, исрофгарчилик эмасми?! Яхшиям, ўз вақтида кафе ва ресторанларда берилаётган ифторликларга чек қўйилди. Бўлмаса манманлик авжига чиқармиди? Чунки мана шу каби тадбирларга рўзадорлар эмас, рўза тутмаганлар ҳам ташриф буюриши сир эмаску.










