Ўзбекистон | 11:31 / 12.06.2016
29690
3 дақиқада ўқилади

Замонавий Тошкент – барча қизиқаётган Hyatt Hotels Corporation меҳмонхонаси

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонга хорижлик сайёҳлар катта қизиқиш билан қарамоқда. Хорижликларнинг юртимизга қизиқиши тарихий ёдгорликларнинг кўплиги, гўзал табиати, ноёб маданияти билан боғлиқ. Бугунги кунда Ўзбекистонда сайёҳлик саноати ривожланиши йўлида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда янгидан янги сайёҳлик йўналишлари очилмоқда. Курорт ҳудудларида эса дам олиш учун сервис ва хизмат кўрсатиш сифати яхшиланмоқда. Экспертларнинг айтишича, ҳар бир шаҳарда бой сайёҳлик имкониятларидан самарали фойдаланилмоқда. Бу йўналишда пойтахт Тошкентда оламшумул ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда сўнгги йилларда ишбилармон сайёҳларнинг келиши ошиб бормоқда. Меҳмонхоналарда эса турли халқаро анжуманлар ўтказилмоқда. Таҳлилчилар халқаро анжуманлар ўтказилиши жиҳатидан Тошкент жаҳонда етакчи шаҳарлар орасидан ўрин эгаллашини айтишади.

Туристик саноатнинг ривожида меҳмонхоналарнинг ўрни катта. Меҳмонхоналар тармоғида сўнгги йилларда оламшумул ўзгаришлар амалга ошди. Мустақиллик йилларида хорижий сайёҳларга олий даражада хизмат кўрсатишга қодир ўнлаб янги меҳмонхоналар очилди. Айрим меҳмонхоналар эса тубдан таъмирланди. Айни дамда Тошкентда 40 дан ортиқ меҳмонхона бор. Уларнинг кўпчилиги “тўрт” ва “беш” юлдузли меҳмонхоналар сирасига киради.

Бугун Тошкентда халқаро операторлар бошқарувида бўлган еттита меҳмонхона фаолият юритмоқда. Тез кунларда Навоий кўчасида “Hyatt Regency Tashkent” янги меҳмонхонаси ишга тушади.
Меҳмонхона “City Palace” (собиқ Sheraton) меҳмонхонаси, А.Навоий номидаги Миллий кутубхона, “Poytaхt” бизнес маркази қаторида жойлашган ҳамда меъморий жиҳатдан мазкур бинолар билан уйғунлашган бўлиб, шаҳримиз кўркига кўрк бўлиб тушади.

Қиймати 113 миллион доллар деб белгиланган олий категорияли меҳмонхонада 294 номер бўлади. Hyatt Hotels Corporation – халқаро меҳмонхоналар тармоғи бўлиб, жаҳоннинг 44та мамлакатида 460 дан ортиқ отел ва курортларга эга. Компания филиаллари Hyatt®, Park Hyatt®, Andaz®, Grand Hyatt®, Hyatt Regency®, Hyatt Place®, Hyatt Summerfield Suites™ ва Hyatt House брендлари асосида фаолият юритади.

“Hyatt Regency” барча меҳмонларга - улар оддий сайёҳ бўладими, ишбилармон доираларнинг вакиллари бўладими, дам олувчилар бўладими, қандайдир тантана иштирокчилари бўладими – барча-барчага аъло даражада хизмат кўрсатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйгани аниқ.

Шарофиддин Тўлаганов