Республика Адлия вазирлигида навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди. Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказилаётган тадбирларнинг  ягона режасига мувофиқ ташкил этилган конференция “Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва ривожланиш истиқболлари” мавзуига бағишланди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва юртимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат , шу жумладан халқаро ва хорижий  ташкилотлардан  40 дан зиёд  вакиллар иштирок этдилар.

Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон  хуқуқий давлат,очиқ фуқаролик жамияти барпо этмоқда. Бунда фуқароларнинг уюшмаларга бирлашиш, давлат ва жамият  бошқарувида  иштирок этиш каби конституциявий ҳуқуқлари таъминланган. Ушбу хуқуқни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларининг турли шакллари-жамоат фондлари,жамоат ташкилотлари,сиёсий партиялар,касаба уюшмалари ,хайрия ташкилотлари кабиларни тузиш имкониятини берадиган қонунчилик базаси барпо этилган.

Ўтган давр мобайнида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий мақоми, роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, уларнинг сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.

НТТ ларнинг тараққий этишида 2007 йилда қабул қилинган “Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолияти эркинлигининг кафолатлари“ тўғрисидаги қонун мухим ахамият касб этди.

Шу билан бирга бу соҳанинг  институционал базаси ҳам шакллантирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Республика байналмилал маданият маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ташкил топди.

Шу ўринда анжуман иштирокчиларининг эътибори Давлатимиз раҳбари томонидан 2010 йил12 ноябрда Олий мажлис палаталаринингқўшма йиғилишида  илгари сурилган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойил асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган  изчил тадбирларга қаратилди.