Ўзбекистон | 09:36 / 23.06.2016
20990
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ”да Қамчиқ туннелининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди

Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ”да 22 июнь куни Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик ва истиқболли лойиҳаси ижроси – Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннелининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.
Ўзбекистон раҳбари мазкур ғоят улкан лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакат учун катта ютуқ, муҳим ва унутилмас тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади.
Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг ишга туширилиши юк ташиш бўйича вақт ва маблағ тежаш имконини беради, шунингдек, транзит, ишлаб чиқариш ва инфратузилма салоҳиятини кескин оширади, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланишига хизмат қилади, деди Президент.

Эътиборлиси, ўзбекистонлик темирйўлчилар куч-ғайрати билан кейинги йилларда 1 минг 200 километрдан зиёд янги темир йўл тармоғи барпо этилди, 3 минг 800 километрлик йўл модернизация қилинди ва қайтадан ишга туширилди, қарийб 1100 километрлик темир йўл магистраллари электрлаштирилди. Натижада темир йўлларнинг умумий узунлиги 6 минг 500 километрга етди ва улар Ўзбекистоннинг барча минтақаларини қамраб олиш имконига эга бўлди. 

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ташкил этилган даврдан буён юк ташишлар 1,5 баробар, йўловчи ташиш 1,3 баробар ўсди. Умуман, 2015 йилда темир йўллар орқали қарийб 82 миллион тонна юк ташилгани ва 20,1 миллион йўловчи ўз манзилига етказилгани юртимизда мазкур тармоқнинг салоҳияти ва имкониятлари тобора кенгайиб бораётганидан далолатдир. Бугунги кунда Ўзбекистонда юкларнинг 60 фоиздан зиёди, йўловчиларнинг 75 фоиздан ортиғи темир йўл транспорти орқали ташилмоқда.
Маросимда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Хитой ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг улкан самараси, икки халқ ўртасидаги яқин дўстликнинг яна бир ёрқин намунаси эканини таъкидлади.

Хитой ва Ўзбекистон аҳил қўшни, яқин дўст ва ишончли ҳамкор, мамлакатларимиз ўзаро муносабатлардаги самимият руҳини юксак қадрлайди. Келгусида биргаликда халқларимиз манфаатларига хизмат қилувчи янада катта ютуқларга эришамиз. Хитой ва Ўзбекистоннинг ҳамкорлик йўллари янада кенг ва порлоқ бўлишига ишонамиз, деди Си Цзиньпин.

Суратлар: Темур Мамадаминов и Оқил Ғуломов / УзА.