АҚШда гўш нархи билан боғлиқ можаро авж олди. Президент Трамп гўшт импорти учун 25 фоизлик божларни вақтинча бекор қилди. Бу қарор чиқарилишидан бир кун олдин Оқ уйда дунёда энг кўп гўшт ишлаб чиқарадиган бразилиялик миллиардер меҳмон бўлган. Худди шу миллиардерга тегишли товуқ фабрикаси Трампнинг инаугурацияси учун энг кўп – 5 миллион доллар пул хайрия қилган.
Можароли миллиардер
WSJ'нинг ёзишича, 20 август куни Оқ уйда Доналд Трамп ва бразилиялик миллиардер Жоэсли Батиста ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Батиста оддий миллиардер эмас, унга тегишли JBS компанияси дунёда энг кўп гўш етиштирадиган корхона ҳисобланади. JBS қисқартмаси корхона асосчиси Жозе Батиста Собринио исм-фамилиясининг қисқартмасини билдиради.
Ҳозир гигант корхонани унинг миллиардер ўғиллари юритади. Компаниянинг бутун дунёда 500 дан ортиқ заводи бор. Уларда ҳар куни 14 миллион бош парранда, 100 минг бош қорамол гўшти тайёрланади. Америкага энг кўп гўшт олиб кирадиган ҳам шулар. Мамлакатда гўшт нархи рекорд даражада ошиб кетгани фонида Батиста Трамп билан кўришиб, унга мол гўшти учун 26 фоизлик божни бекор қилиш таклифини билдирган. Учрашувнинг эртасига Трамп 300 минг тонна қийма гўшт тайёрлашда ишлатиладиган мол гўшти учун божларни 90 кунга бекор қилдирди.
Бир қарашда ҳаммаси оддий, дунёда энг кўп гўшт етиштирадиган компания директори дунёдаги энг бой давлат раҳбарига нархни тушириш бўйича ўз таклифини билдиришида муаммо йўқдек. Бироқ бу масаланинг нозик сиёсий жиҳатлари бор. Худди шу Батистикага тегишли бўлган АҚШдаги Piligrim’s Pride товуқ фабрикаси Трампнинг инаугурация маросими учун ҳаммадан кўп – 5 миллион доллар хайрия қилган.
Қизиғи, ака-ука Жоэсли ва Уэсли Батиста 2020 йил АҚШда жавобгарликка тортилиб, Америка адлия вазирлигига 256 миллион доллар жарима тўлаган. Ака-ука миллиардерлар Бразилияда мулозимларга пора беришда айбланган.
Америкалик чорвадорлар Трампнинг бу қароридан норози бўляпти. WSJ ҳозир мамлакатда қорамол охирги 70 йил ичида рекорд даражада камайиб кетгани, ранчолар бундан қаттиқ қийналаётганига эътибор қаратган. Четдан арзон гўшт кириб келиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қийин ҳолатга тушириб қўяди.
Монтана фермерлар кенгаши президенти Уолтер Швейцарнинг айтишича, 300 минг тонна аслида жуда кам миқдор ва бу чора келажакдаги нарх-навога таъсир қилиши қийин: «300 минг тонна мол гўшти жуда кўпдек эшитилиши мумкин, лекин бу аслида АҚШдаги йиллик эҳтиёжнинг атиги 2 фоизи дегани. Бу чора кўпроқ руҳий жиҳатдан таъсир қилади. Қайтага ишлаб чиқарувчилар бундай арзонлаштириш чорасидан фойдаланиб, чорвадорлар учун энг муҳим савдо-сотиқ даври бўлмиш кузда кўпроқ бузоқларни арзонроққа сотиб олишга уринади».














