Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Россия-Украина музокаралари тикланмоқда

Россия президенти Владимир Путин Украинада дипломатик йўл билан тинчликка эришиш имкониятлари борлигига ишонч билдирмоқда. Путин 3 сентябр куни Шарқий иқтисодий форум доирасида Украинадаги уруш ҳақида қатор баёнотлар берди.

«Биринчи навбатда Россия ва Украина ўзаро келишиб олиши керак. Қолган барча давлатлар эса қўллаб-қувватлашга ва ёрдам беришга тайёр. Бу тўғри ёндашув. Имкониятлар борми? Менинг фикримча, ҳа, улар бор», деди Путин.

Путиннинг сўзларига кўра, Киевнинг Россия осмони ҳақидаги баёнотлари «тинчлик музокараларини ўтказиш имкониятларини қийинлаштиради».

Ўша куни кейинроқ Володимир Зеленский ҳам Россия билан музокараларни қайта тиклаш истиқболлари ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, яқин вақт ичида Киев ва Москвага АҚШ вакиллари ташриф буюради. Ушбу учрашувларда эҳтимолий тинчлик келишуви муҳокама қилинади.

«Дастлабки саналари бор. Улардан аллақачон тасдиқ олинган: учрашув Москвада ҳам, Киевда ҳам бўлиб ўтади», деди Зеленский. Унинг қўшимча қилишича, Украина Оқ уй жамоаси билан доимий алоқада.

Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик бўйича эҳтимолий музокаралар муҳокамаси МРБ раҳбари Жон Ратклиффнинг Москвага ташрифидан сўнг тез орада қайта тикланди. Axiosʼга кўра, у урушни дипломатик йўл билан якунлашни муҳокама қилиш учун АҚШ, Россия ва Украина президентларининг уч томонлама учрашуви ғоясини таклиф қилган.

Аммо Трамп журналистлар билан суҳбатда яқин орада уч томонлама саммит ўтказиш ғоясини рад этди. «Мен учрашувни биз тинчлик битимини тузишга тайёр бўлганимиздагина ўтказмоқчиман», деди Трамп.

Трампнинг фикрича, Украинадаги тинчлик йўлидаги муаммо бу — Зеленский ва Путин ўртасидаги шахсий адоват бўлиб, оқибатда унинг ўзи «бир суткада якунлашга» ваъда берган зиддият мураккаброқ бўлиб чиққан.

Ғарбий соҳилдаги зўравонликлар

Чоршанба куни Ғарбий соҳилга қилинган ҳужум оқибатида исроиллик кўчманчилар ва аскарлар томонидан ўлдирилган фаластинлик икки ўсмир дафн қилинди.

Ал-Муғаййир қишлоқ кенгашининг BBCʼга маълум қилишича, 19 ёшли Умар ал-Нассан ва 16 ёшли Халил Абу Алия исроиллик кўчманчиларнинг қўйларни ўғирлашига тўсқинлик қилмоқчи бўлганида ўлдирилган. Шундан сўнг тўқнашувлар келиб чиққан.