Биткоин виртуал валютаси Британиянинг ЕИдан чиқиши туфайли 120 долларга қимматлашди
Биткоиннинг курси 24 июндаги савдолар давомида 120 долларга ошиб, 679 долларгача етди, деб хабар бермоқда Marketwatch.
Биткоин ҳозирда олтин билан бир йўналишда кетмоқда, олтин савдолар вақтида 4 фоиздан кўпроққа қимматлашиб, 1400 доллардан ошди. Бу икки активга талаб одатда бозорда беқарорлик ҳукм сурганда ошади.
24 июнда Европадаги фонд индекслари 3-6 фоизга пасайди. Германиянинг DAX индекси деярли 7 фоиз йўқотди.
23 июнда Буюк Британияда мамлакатнинг Европа Иттифоқидаги келгуси тақдири бўйича референдум ўтказилди. Британиянинг 51,9 фоиз аҳолиси мамлакатнинг ЕИ таркибидан чиқишига овоз берди.
Биткоин бугунги кунда дунёдаги энг тарқалган ва муваффақиятли виртуал валюта ҳисобланади. Бир қатор давлатларда у тақиқланган, у билан операциялар ўтказганлик жазоланади. Айни вақтда муомалада 15,5 миллионга яқин биткоин мавжуд.